COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий оқибатлари: маҳалла вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровнома" сосиологик тадқиқотлар натижалари эълон қилинди, дея маълум қилди «Газета.uz» га БМТ Тараққиёт дастури идораси.

Натижалар 11 ноябрь куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ), Жаҳон банки, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг «Тараққиёт стратегияси» Маркази ва БМТТД иштирокида бўлиб ўтган видеоанжуманда эълон қилинди.

COVID-19 пандемиясининг уй хўжаликларига бўлган ижтимоий-иқтисодий таъсири бўйича тадқиқот 2020 йилнинг май-июнь ойларида амалга оширилди ва унинг давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги маҳалла раҳбарлари билан сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларда 3670 респондентлар иштирок этдилар, жумладан маҳалла раислари (84,7%), уларнинг ўринбосарлари (12,8%) ва маҳалла фаоллари (2,5%), шулардан 62,9% қишлоқ маҳаллалари вакилларидир.


Тадқиқот натижаларига кўра пандемия камбағал оилаларнинг айниқса шаҳар ҳудудларида кўпайишига олиб келди. Энг кўп зарар кўрганлар — кам таъминланган оилалар (48% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса Наманган ва Самарқандда), кўп болали оилалар (40% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса Тошкент вилоятида) ва қайтиб келган меҳнат мухожирлари мавжуд оилалар (55% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса Жиззах ва Қашқадарёда). Ушбу салбий оқибатлар ичига асосан даромадларнинг пасайиши ва ишни йўқотиш киради, бунга тегишли равишда 74% ва 58% респондентлар ишора қилдилар.


Ижтимоий-иқтисодий оқибатларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ичига қуйидагилар киритилди:

  • Хусусий секторни зарурий маҳсулотларни импорт қилиш ёки маҳаллий даражада ишлаб чиқаришга рағбатлантириш мақсадида иқтисодий ва ижтимоий сиёсат чораларини ўзгартириш;
  • Маҳаллаларда кичик хусусий корхоналарни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар ва хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга рағбатлантириш;
  • Зарурий ёрдамни олишда хотин-қизлар учун енгиллик яратиш, шунингдек уларни ташвишлантирувчи масалалар тингланишини таъминлаш;
  • COVID-19 касаллигидан даволанган одамлар томонидан хатар йўқлигини оммавий ахборот воситалари таъкидлаб туришини таъминлаш.

Бир вақтнинг ўзида ўтказилган сўровномада, бутун Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган 887 та суҳбат асосида, COVID-19 пандемиясининг мамлакат даражасида кичик ва ўрта корхоналарга таъсири ўрганилди. Сўровнома давомида аниқланишича, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳаларига мансуб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда Сирдарё, Наманган, Навоий вилостларида, Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистонда жойлашган корхоналар энг кўп зарар кўрдилар, айни вақтда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларидаги корхоналар энг кам талафот кўрдилар. Пандемия даврида энг кўп қийинчиликларга учраган корхоналар қаторига иш жараёнларини кўчириш имконияти йўқлиги ёки интернетга уланиш имкони ёҳуд керакли ускуналар мавжуд эмаслиги сабабли масофавий ишлай олмаган корҳоналар кирди.


Иккинчи тадқиқот бўйича ҳисоботда берилган тавсияга кўра, кичик ва ўрта корхоналарга кўрсатилаётган ёрдам ўз ичига корхоналарнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш, кредит фоизларини пасайтириш учун институсиявий муҳитни яратиш орқали молиявий кўмакдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда масофавий ишга ўтишни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирларни қамраб олиши лозим.

Мазкур маълумотлар COVID-19 оқибатларини камайтиришга қаратилган келажакдаги сиёсий механизмлар ва қонунчилик ҳужжатлари учун асос бўлиб хизмат қилиши лозимлиги, шунингдек улардан Ўзбекистоннинг пандемиядан сўнг келгуси тикланишида фойдаланиш кераклиги борасида таклифлар билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Тараққиёт дастурининг COVID-19 пандемияси аёлларнинг қашшоқлик даражасини кескин ошириши тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида маълум қилган эдик.