2021 йил 1 январдан бошлаб мактаб директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тартиби ҳокимлар бошчилигидаги маҳаллий халқ депутатлари кенгаши билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Бу президентнинг 6 ноябрдаги (ПФ-6108) «Ўзбекистоннинг янги ривожланиш даврида таълим ва тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» фармонида келтирилган.

Бунда:

  • ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан кўрсатилган мактаб директорларининг бўш лавозимларига номзодлар туман (шаҳар) кенгашлари томонидан танлов орқали танланади;
  • мактаб директори лавозимига номзодлар ушбу танловда ўзларининг мактаблари фаолиятини кейинги уч йил ичида юқори даражага кўтариш дастури билан қатнашадилар;
  • кенгашлар танлов натижаларига кўра энг яхши уч йиллик дастурларнинг ишлаб чиқувчиларини танлайдилар ва тегишли лавозимларга тайинлаш учун ҳудудий халқ таълими бўлимларига топширадилар;
  • кенгаш томонидан танланган номзодлар умумтаълим мактаблари директорлари лавозимига ҳудудий халқ таълими бўлимлари томонидан тайинланади;
  • йил охирида умумтаълим мактаблари директорлари кенгаш ва жамоатчилик вакиллари олдида уч йиллик дастурнинг бажарилиши тўғрисида ҳисобот беришади, ушбу ҳисобот натижаларига кўра кенгаш ўз фаолиятини баҳолайди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларининг раҳбарлари, туманлар (шаҳарлар) халқ таълими бўлимлари мудирлари бир вақтнинг ўзида тегишли равишда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек туманлар (ва шаҳарлар) ҳокимларининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳисобланишади.

«Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов таълим тизимини маҳаллий таълим органлари ва таълим муассасалари маҳаллий ижро ҳокимиятидан ажратиш кераклигини ва тегишли вазирликка таълим муассасаларининг тўғридан-тўғри бўйсунишини таъминлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов Ҳалқ таълими вазирлигининг янги раҳбариятини таништиришда мактабларни маҳаллий ҳокимликларга бўйсунишидан тўхтатишга чақирган эди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳри ва вилояти, Нукус ва вилоятлар марказларида сменали ставкаси паст бўлган мактаблар хусусий секторга ишониб топширилиши ҳақида хабар берилган эди.