2 ноябрь куни бир нечта одамлардан иборат бўлган гуруҳ Вена шаҳрининг марказида ҳужум содир этди деб хабар бермоқда РИА Новости. Теракт натижасида 4 киши вафот этган. Ҳозирга қадар 18 киши жиддий жароҳатлар олганлиги маълум бўлди.

Ҳужумчиларнинг мақсади, уларнинг аниқ сони ва шахслари ҳалигача номаълум. Ҳужумчиларни қўлга олиш бўйича қидирув ишлари давом этаётганлиги сабабли, ҳуқуқни муҳофаза килувчи органлар томонидан воқеа тафсилотлари оммага эълон қилинмаётгани қайд этилмоқда.

Вена аҳолисидан ташқарига чиқмаслик ва уйларида қолиш сўралмоқда. Австрия канцлери Себастьян Курц уйдан чиқишдан аввал фуқаролардан сўнгги янгиликларни кузатишларини сўради.

«Ҳозирги маълумотларга кўра, улар жуда яхши қуролланган, автоматик қуролга эга, профессионал тайёргарликдан ўтган. Бу шубҳасиз теракт», — деди Курц ОРФ каналининг жонли эфирида.

Маълумотларга кўра, ҳужум уюштирганлардан бири ўлдирилган. Ўлдирилган шахсда ўқотар қурол топилган, унинг ўз жонига қасд қилиш камари, эҳтимол, шунчаки ясама восита сифатида бўлганлиги айтилмоқда.

Сешанба куни Австрия миллий кенгашининг мажлиси, парламент йиғилиши бекор қилинди. Мактабларда дарслар тўхтатилди. Ҳужумчиларнинг шахсини аниқлаш бўйича қидирув-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ҳужумлар Сайтенштеттенгасс кўчасидаги синагогага яқинида бошланган эди. Полиция ва ИИВнинг маълумотларига кўра, ҳужумлар умумий ҳисобда олтита жойда содир этилган.