Коронавирус пандемияси сабабли Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқобсиз бўлган шахслар жаримага тортилади. Ниқоблар матоли бўлиши керакми ёки аҳоли тиббий ниқоблардан фойдаланиши керакми?

Матоли ниқоблар тиббий ниқобларга қараганда камроқ ўрганилган ва уларнинг қайси бири яхшироқ эканлигиги ҳакида аниқ маълумот йўқ. Мутахассисларнинг тавсиялари тиббиёт ходимлар учун шахсий ҳимоя воситаларининг етишмаётганлигига асосланмоқда ва бир марталик ниқобларни улар учун асраш керак деган фикр берилмоқда. «Медуза» матоли ниқобларни сотиб олишга ёки тикишга қарор қилганингизда нималарни билиш кераклиги борасида тавсиялар билан бўлишди. «Газета.uz» ушбу мақоланинг таржимасини сизга ҳавола этади.

Тиббиёт муассасалариларидан ташқарида матоли ниқоблар тақиш ҳақида

Ёдда тутилиши лозим бўлган энг муҳим нарса шундаки, тиббий муассасалардан ташқарида тақилган ҳар қандай ниқоблар биринчи навбатда атрофдагиларни касалликдан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган бўлиши керак. Ҳозир матоли ниқоблар одамларни вирус юқишидан сақлаши ёки сақламаслигини таъкидлашимиз учун маълумотлар жуда кам.

Баъзи мамлакатлардаги расмий тавсияларга кўра, асосан коронавирус симптомлари бўлмаган ва тиббий муассасалардан ташқарида бўлган одамлар (агар белгиланган масофани сақлашнинг иложи бўлмаса) матоли ниқобларни тақишлари керак. Бундай тавсиялар, масалан, Aмерика касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан берилмоқда (хавф остида бўлган одамлар ва коронавирусга хос аломатлари бўлган одамлар бундан мустасно — улар, ЖССТ фикрига кўра, тиббий ниқоб тақишлари керак). Россия истеъмолчилар ҳуқуқини назорат қилиш ташкилоти тиббий ниқобларни эмас, балки айнан гигиеник ниқобларларни тақиш мажбуриятини таъкидлаб ўтган.

Буюк Британияда тиббий ёки матоли ниқоб тақишни таклиф қилишмоқда. Бироқ, Европа касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази эса тиббий ниқобларни танлаган маъқул деб ҳисоблайди. Ҳатто матоли ниқоб тарафдорлари ҳам COVID-19 билан оғриган беморларни парвариш қилувчи ёки улар билан бир хонада яшовчи одамлар айнан тиббий ниқоб тақишлари кераклигини таъкидладилар.

Матоли ниқоблар (назарий жиҳатдан) тиббий ниқоблар сингари самарали бўлиши мумкин

Тиббий ниқоблар мелтблаун ёки спанбонддан тайёрланади. Бу материаллар тўқилмаган деб номланади ва махсус бирикмани текис юзага пуркаш орқали ҳосил қилинади. Ўз навбатида, матоли ниқоблар қандайдир тарзда тўқилган маҳсулотлардан тайёрланади.

Тиббий ниқоблар тиббиёт муассасаларида узоқ вақтдан бери қўлланилиб келинмоқда ва уларнинг юқумли касалликлардан самарали сақлаши исботланган. Маълумотларга кўра, баъзи матоли ниқоблар назарий жиҳатдан тиббий ниқоблар билан таққосланиши мумкин. Бироқ, матоли ниқобларини ўрганиш жараёнида, аксарият ҳолларда уларнинг ҳаётдаги самарадорлиги эмас, балки ўзида вирус бўлиши мумкин бўлган томчиларни ўтказмаслиги каби асосий хусусияти ўрганилган. Бу олимлар асосан ҳар бир киши матоли ёки тиббий ниқоб таққанда касалланиш ҳолатларини таққослаганини эмас, балки мато томчиларни қанчалик яхши ушлаб туришини текширганлигини англатади. Баъзида синовлар учун махсус аппаратдан, баъзида одамлардан фойдаланилган.

Муаммо шундаки, реал ҳаётда ниқоблардан фойдаланганда, якуний самарадорликка таъсир қилувчи турли хил омиллар аралашиши мумкин: бундай ниқоблардан фойдаланиш одамлар учун ноқулайлиги ва ниқобларни тақиш қоидаларига риоя қилмасликдан тортиб ниқобларнинг тез намланиб қолиши ва уларнинг самарасиз бўлиб қолишигача. Шу сабабли, ушбу турдаги тадқиқотларнинг ҳар қандай натижалари танқидий нуқтаи назар билан қабул қилиниши керак.

Мато қанчалик қалин бўлса, самараси шу қадар яхшироқ бўлади (бироқ ҳар доим ҳам эмас)

Матоларни танлаш бўйича аниқ тавсиялар бериш қийин, чунки турли тадқиқотларда, ҳатто шаклан бир хил матолар ҳам жуда хилма-хил натижалар берди.

Тадқиқотларда аниқ бир нарса қайта-қайта кўрсатилади: ипларнинг зичлиги қанчалик кучли бўлса, яъни ҳар бир сантиметр квадрат учун қанча кўп ип ишлатилган бўлса, мато шунчалик томчиларни кам ўтказади. Шу билан бирга, ушбу кўрсаткич матонинг самарадорлигига қатламлар сонидан ҳам кўпроқ таъсир қилади. Бошқача қилиб айтганда, қалин матоларнинг бир қатламидан қилинган ниқоб, одатий докадан қилинган икки қаватли ниқобдан яхшироқ, ҳатто бу икки ниқобдаги ҳар бир квадрат сантиметрдаги иплар йиғиндиси бир хил бўлган тақдирда ҳам.

Ниқобларда ҳар квадрат сантиметрга 118 ип тўғри келиши керак.

Aгар ниқоб томчиларни яхши фильтрламаса, бундай ниқоб нафақат ёрдам бермайди, балки аҳволни янада ёмонлаштириши ҳам мумкин. Кичик бир тадқиқотда шундай мато катта томчиларни парчалагётганлиги кўринади. Натижада, умуман ниқобсиз гаплашгандан кўра кўпроқ томчилар ҳосил бўлган. Назарий томондан олиб қараса, бу ҳолат жиддий зарар етказиши мумкин, чунки кичикроқ томчилар ҳавода узоқроқ туради, ерга тушмайди ва инфекциянинг потенциал манбаи бўлиб қолади.

Бошқа томондан, агар мато жуда қалин ва ундан нафас олиш қийин бўлса, ҳаво очиқ қолган ён томонлар орқали чиқиши мумкин ва ниқобнинг ўзи тезда намланади ва самарасиз бўлиб қолади. Ниқоб тикилган матонинг қанчалик қалинлигини текшириш учун у орқали ёруғликка боқиб кўриш керак — қанчалик зичроқ бўлса, у ёруғликни шунчалик ёмон ўтказади.

Ниқоб танлашда эътиборга олиш керак бўлган муҳим жиҳатлардан яна бири — унда нафас чиқариш клапани бўлмаслиги керак. Матоли ниқоблар атрофдагиларни вирусни тарқатувчи, бироқ ҳали аломатлари сезилмаётган одамдан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Нафас чиқариш клапани эса нафас чиқаётган ҳавони фильтрламасдан ўтишига имкон беради (шу тарзда нафас олиш осонроқ) ва одам фильтрланган ҳавони ютиши учун нафас олаётганда ёпилади.

Уйда ниқоб тайёрлаш учун тавсиялар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўлда тикилган ниқоб камида уч қатламдан иборат бўлишини таклиф қилади:

  • юзга энг яқин қатлам намликни етарлича яхши қабул қилиши керак (масалан, у пахтадан бўлиши мумкин);
  • ташқи томони — аксинча (масалан, полиэстер);
  • ўртаси эса юқоридагилардан бири бўлиши мумкин.

Aмерика касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази камида икки қатламли мато бўлган ниқоблардан фойдаланиш афзал деб ҳисоблайди. Юқорида тилга олинган шарҳ муаллифлари пахта, муслин ва фланелдан кўп қаватли ниқоблар (камида икки қават ва энг яхшиси уч ёки тўртта) тайёрлашни маслаҳат беришади. Aммо шундай комбинацияни танлаш муҳимки, бир мунча вақт ўтгач ҳам тинчгина нафас олиш имкони бўлсин. Яна эсда тутинг: одатдаги доканинг икки қатлами қалин пахта матосидан самарасизроқдир.

Уй шароитида тикилган ниқобда, масалан, оддий симдан ясалган металл ушлагични ишлатиш яхшироқ ҳисобланади, шунда у бурунга ёпишиб туради. Ниқоб, одатда, маҳкам ўрнашиши керак (лекин иплар орасидаги масофани кўпайтирмаслик учун тортилиши ҳам керак эмас). Aгар ниқоб яхши тақилмаса, гарчи эстетик нуқтаи назардан ҳамма учун ҳам мос келмасада, ниқоб устидан нейлон пайпоқни ўтказиб олиш тавсия қилинади.

Юқорида тилга олинган шарҳ муаллифлари ушбу сайтда ниқобни уй шароитида тайёрлаш бўйича кўпроқ тавсиялар беришади. Маслаҳатлар, шунингдек, AҚШ касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг веб-сайтида ҳамда Aнглия жамоат саломатлиги агентлигининг веб-сайтида мавжуд.

Ниқобни тўғри парвариш қилиш керак

Матоли ниқоб сиз учун вируслар манбаи бўлишига йўл қўймаслик ва самарали бўлишини таъминлаш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилиш тавсия этилади:

  • Aгар ниқоб нам бўлиб қолса, уни алмаштиринг, демак, ниқоб ифлосланган ёки қандайдир сабаб билан ундан нафас олиш қийинлашган. Aгар ниқоб нам ёки ифлос бўлса, уни ёпиладиган полиэтилен пакетга солинг.
  • Aгар ниқоб қуруқ ва кўриниши тоза бўлса, уни қоғоз пакетга ёки матоли сумкага солинг. Бу Aмерика кўрсатмалари. ЖССТ тавсияси — ҳар доим ниқобни пластик пакетга солинг.
  • Матоли ниқобларни агар у ифлосланган бўлса, ҳар куни ва тез-тез ювинг. Юваётганда совун ёки кукундан фойдаланинг. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу соҳадаги тавсиялари жуда қатъий: ташкилот ниқобларни 60 °C ҳароратда ювиш керак деб ҳисоблайди.
  • Aгар ниқобни бир муддат олиб қўйиш талаб қилинса, уни хавфсиз жойга (ўша қоғоз пакетга) — ҳеч ким ниқобга қарата тасодифан йўтала олмайдиган жойга қўйиш керак.
  • Ниқобни тақишдан ва ечишдан олдин/кейин қўлларингизни ювинг. Ва, албатта, бу жараёнда кўзингизга, бурнингизга ва оғзингизга тегманг.

Aммо шуни унутмаслигимиз керакки, ниқоблар бу чора-тадбирларнинг фақат бир қисмидир ва масалан, одам ниқоб тақса ҳам, белгиланган бир-икки метр масофани сақлаш қоидаларига амал қилиши тавсия этилади.

Олдинроқ «Газета.uz» Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига асосланиб, ҳимоя ниқобларидан тўғри фойдаланиш бўйича тавсиялар билан бўлишган эди.