Коронавирус билан курашиш бўйича махсус республика комиссияси пульсоксиметр ва кислород концентраторларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларидан маълум бир муддат ҳамда бепул тарзда фойдаланишга бериш бўйича қарор қабул қилди. Бу комиссиянинг 14 сентябрдаги 46 рақамли баённомасида белгиланган (баённома нусхаси «Газета.uz» таҳририятида мавжуд).

Пульсоксиметр ва кислород концентраторлари коронавирус асоратлари билан даволанган ва уй шароитидаги реабилитацига муҳтож беморларга тарқатилиши режалаштирилмоқда. Ушбу жиҳозларнинг захирада мавжудлиги ва тиббиёт муассасининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида берилиши маълум қилинди.

Махсус комиссия баённомаси билан пульсоксиметр ва кислород концентраторларини бепул тарзда тарқатиш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. «Газета.uz» Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидан юқоридаги тартиб бўйича изоҳ ололмади.

Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, дорихоналарда тайёрланадиган дори воситаларининг улгуржи сотуви ҳамда препаратларнинг импорти ва ишлаб чиқарилиши муддатини 2020 йилнинг 31 декабрига қадар узайтиришга рухсат берилди.

COVID-19 га чалинган беморларни даволашда қўлланиладиган бир қатор дори воситалари, тиббий асбоб-ускуналар импортининг содда тартибининг фаолият муддати 2021 йилнинг 1 мартигача узайтирилди.