АҚШ Сенати Эми Кони Барретни Олий суд судьяси лавозимига тасдиқлади. У 27 октябрь куни Оқ уйда судья сифатида қасамёд қилди, дея хабар берди РИА Новости. У ушбу лавозимга сентябрь ойида 87 ёшида вафот этган Рут Бейдер Гинзбург ўрнига тайинланди.

Эми Кони Баррет номзодини президент Дональд Трамп илгари сурган. Қасамёд маросимида у Барретнинг «беғубор» баёнотини юқори баҳолади ва унинг тайинланиши эркинлик, тенглик ва адолат ғояларини илгари суришини таъкидлади.

Ўз навбатида, Эми Кони Баррет ҳар қандай сиёсий партия учун эмас, балки мамлакат фаровонлиги учун ишлашини таъкидлади.

Барреттнинг тайинланиши Трамп ва республикачиларнинг сиёсий ғалабаси деб тан олинмоқда. Ҳозирда Олий судда Республикачилар партиясидан олтита ва Демократлар партиясидан учта вакил тайинланган.

Олий суд кўпинча ҳуқуқий, ижтимоий ва сиёсий масалаларда муҳим нуқтани қўяди. 2000 йилда Флорида штатида Олий суд қарори овозларни қайта ҳисоблашни тўхтатиб қўйган ва президент сайловлари натижаларини ҳал қилган эди.

Вакиллар палатаси спикери демократ Нэнси Пелосининг айтишича, эндиликда АҚШ Олий суди «тубдан республикачилик тарафдори» бўлиб қолди. Демократлардан вице-президентликка номзод сенатор Камала Харриснинг айтишича, Эми Кони Барретнинг Олий судга тайинланиши «жуда катта зарар» келтириб чиқарди.