Президентнинг «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига биноан, Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасидаги Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биноси хусусий секторга сотилади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Адлия вазирлиги хабар берди.

Пойтахтнинг марказида жойлашган ДХХ собиқ биноси хусусий секторга сотилган давлатга тегишли кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилган. Умумий майдони 20219 кв. м. бўлган ушбу объект эндиликда давлат активларини бошқариш агентлиги (давлат активи) балансига ўтган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Сижжак» (53,8 минг кв. м.), «Билдирсой» (461 минг кв. м.), «Чорвоқ» (761 минг кв. м.) ва «Бургалик» (2556 кв. м.) дам олиш масканлари ҳам хусусийлаштирилади. Дастлабки учта объект мавжуд бўлган барча мулкни баҳолаган ҳолда мулкий комплекс сифатида сотувга қўйилади.

Фармонда таъкидланишича, давлат объектлари «1 сўм» бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилади.

Давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин.

Aввалроқ «Газета.uz» Давлат активларини бошқариш агентлиги кўрсатилган объектларни «Forsa Barsa» МЧЖга инвестиция мажбуриятларини бажариш билан «0» нархда ва танловсиз ўтказишни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди, аммо Монополияга қарши курашиш қўмитаси рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигини қайд этди. Натижада биноларни оммавий ким ошди савдосига қўйишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплекси (Малика) сотувга қўйилади. 41,3 минг кв. м. майдонга эга бўлган ушбу объект пойтахт ҳокимияти балансида ҳисобланади.