27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди, шунингдек, кейинги йилларда мудофаа соҳасида амалга оширилган қўшма тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинди.

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланди.

Туркия миллий мудофаа вазири ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади, дейилади хабарда.