Олий Мажлий Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида сенат раиси Танзила Нарбаева мамлакатда ижтимоий соҳалар, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш масалалари доимо диққат марказида бўлиши кераклигига тўхталди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Келгуси йилга мақсадлар, режалар катта», — деди сенат Раиси. — «Эътиборли жиҳати, президент бюджетни шакллантиришда маҳаллий Кенгашлар ваколатини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, бюджет харажатларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Эндиликда харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилинади. Давлат идораларининг ушбу талабга риоя этишларини назорат қилиш эса, парламент палаталари ва маҳаллий Кенгашлар томонидан амалга оширилиши таъкидланди».

«Ҳудудлар палатаси сифатида юқоридаги вазифалар, уларнинг қай даражада амалга оширилиши биз учун жуда муҳим. Одамлар эртага савол беради: бюджет маблағлари нималарга сарфланди, харажатлар қанчалик самарали ва тўғри бўлди, нима учун у ёки бу соҳада маблағ етишмайди?», — дея қайд этди Нарбаева.

«Деярли ҳар куни бюджет маблағларининг ноўрин сарфланиши билан боғлиқ ҳолатлар кўтарилмоқда. Афсуски, солиқ тўловчиларнинг бундай саволларига ҳар доим ҳам асосли жавоб берилмаяпти ёки холис муносабат билдирилмаяпти», — деди Сенат раиси.

Таъкидланишича, Хисоб палатаси билан биргаликда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳолатини яқинда Тошкент вилояти мисолида комплекс ўрганилган. Натижада жуда кўплаб тизимли муаммолар аниқланган.

Шунингдек, мутасаддиларда бюджетга қўшимча манбалар аниқлаш борасида ташаббускорлик, изланиш йўқлиги, айрим ҳолларда уларнинг молиявий саводхонлиги етишмаслиги танқид қилинди. Сенат раиси муҳим кўрсаткичларни қўшиб ёзишга тўлиқ барҳам берилмаганлигига ҳам эътибор қаратди.

Сенатнинг тегишли қўмитаси ҳамда бошқармаси бундай ўрганишлар ва таҳлиллар кўламини янада кенгайтириши, тизимли муаммолар ечими юзасидан асосли таклифлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Бюджет маблағларининг тўғри сарфланишига оид саволлар фақатгина ижтимоий тармоқларда эмас, балки биринчи навбатда парламент минбаридан туриб, халқ вакиллари томонидан берилиши кераклиги қайд этилди.