Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳодирбек Муллахонов вафот этди, дея хабар қилди вилоят маъмурияти матбуот хизмати.

«Газета.uz»нинг ҳокимиятдаги манбасига кўра, ҳокимнинг биринчи ўринбосари 21 октябрь куни коронавирус келтириб чиқарган асоратлар натижасида вафот этган. У Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) даволанаётган бўлган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба эса Баҳодир Муллахоновнинг аслида хусусий клиникада даволанганлигини маълум қилди. Ўз навбатида, РШТЁИМда у 4 кун давомида «профилактик даволаниш»да бўлган ва кейин яна хусусий касалхонага кўчирилган.

Баҳодир Муллахонов (1974 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган (1992−1996) ва Оклахома давлат университетининг магистр даражасини (1997−1998) олган. У турли йилларда Марказий банк тузилмаларида, жумладан Навоий ва Сурхондарё вилоятларидаги Марказий банк филиалларига раҳбарлик қилган. Шунингдек, «Асака» банки бошқарув раисининг ўринбосари, 2012−2020 йилларда «Қишлоқ қурилиш банк» бошқарув раиси лавозимида ишлаган.

Жорий йилнинг феврал ойидан у Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.