Европада карантин чоралари жорий этилмоқда

Франциянинг Париж шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда: Лилль, Гренобль, Лион, Марсель, Руан, Сент-Этьен, Монпелье, Тулуза шаҳарларида комендантлик соати жорий қилинган. Бундай чоралар ноябрь ойининг охиригача амал қилиши мумкин. Бельгияда ҳам комендантлик соати жорий этилди. Кафе ва ресторанлар бир ойга ёпилади. Соат 20:00 дан кейин тунги дўкон ва спиртли ичимликлар савдоси тақиқланади. Оила аъзоларидан бошқаси билан учрашиш тақиқланади.

Голландияда қисман карантин чоралари жорий этилмоқда, жамоат жойларида ниқобсиз характланиш тақиқланади. Италияда соат 21:00 да шаҳар ҳокимларига жамоат майдонларини ёпиш ҳуқуқи берилди. Испаниянинг бир қатор шаҳарлари, жумладан Мадрид ва Саламанка изоляция қилинди. Комендантлик соати жорий этилиши истисно этилмаяпти.

Германиянинг пойтахти Берлинда ниқобсиз юриш тақиқланади. Энг қаттиқ чекловлар Бавариянинг Берхтесгаденер-Ланд шаҳрида жорий этилди, жумладан, уйдан узрсиз сабаб билан чиқиб кетиш тақиқланади, мактаблар ёпилади, барча ижтимоий тадбирлар тақиқланади. Aвстрияда 6 кишидан кўпроқ гуруҳларда тўпланиб туриш тақиқланади. Ҳудуларга қўшимча чекловлар қўйишга рухсат берилган. — РИА Новости

Хитой янги экологик муаммога дуч келди

Фото: Сарвар Ўрмонов / ЎзА

Мамлакат ҳар йили 26 миллион тонна ташланган кийимларни қайта ишлашга мажбур бўляпти. Хитой йилига беш миллиарддан ортиқ футболка ишлаб чиқаради. Кийим-кечаклар омма учун ишлаб чиқарилгани сабабли, улар арзон ва қисқа муддатга яроқли. Мода саноати дунёдаги карбонат ангидрид чиқиндиларининг тахминан 10 фоизини ташкил этади, бу барча ҳаво ва денгиз транспорти кўрсаткичларидан кўпроқдир. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бир килограмм кийимни қайта ишлатса олти минг литр сув ва 0,3 килограмм кимёвий ўғитларни тежашга имкон беради. Бироқ, Хитойнинг муаммоси шундаки, кийимларни қайта ишлаш фойда келтирмайди ва иккинчи қўл кийимлар нисбатан камбағал ҳудудларда ҳам машҳур эмас. — Bloomberg

Францияда таҳдидлар сабабли иккита масжид ҳимоя остига олинади

Фото: «Газета.uz»

Франция ички ишлар вазири Жеральд Дарманен департамент префектларига мамлакат жанубидаги Безье ва Бордо шаҳарларида таҳдид қилинган масжидлар ҳимоясини таъминлашни буюрди. «Безье ва Бордо шаҳарларидаги масжидларга таҳдидлар ёки зўравонлик ҳаракатлари қаратилган эди. Мен тегишли идораларнинг префектларидан уларни ҳимоя қилишни сўрадим. Бундай ҳаракатлар республикада қабул қилиниши мумкин эмас», — дейди Дарманен. — РИА Новости.

Қирғизистонда иқтисодий амнистия эълон қилинди

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Садир Жапаров иқтисодий амнистия эълон қилди ва ноқонуний равишда қўлга киритилган мол-мулкни давлат ғазнасига қайтаришлари учун порахўр амалдорларга 30 кун муҳлат берди. Унинг таъкидлашича, сўнгги 30 йил ичида энергетика, божхона ва солиқ хизмати, дори воситалари билан таъминлаш, лицензиялаш, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва бошқа соҳаларда «тизимли коррупция схемалари ривожланган». Қирғизистон раҳбари в.б. декларация қилинган мол-мулк ва даромадларнинг дахлсизлигини, барча жазо турларидан озод қилинишини ва махфийликни кафолатлашини таъкидлади. — Газета.uz

Январь ойида Қозоғистон парламентининг қуйи палатасига сайловлар бўлиб ўтади

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев парламентнинг қуйи палатаси — Мажилисга сайловларни 2021 йил 10 январда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Қозоғистонда парламент мухолифати институти жорий этилди. Унга парламент сессияларининг ҳар бирида камида бир марта ташаббус кўрсатиш, шунингдек, бир сессия давомида камида икки марта ҳукумат соатининг кун тартибини белгилаш ҳуқуқи берилган. Партиялар рўйхатида илк маротаба хотин-қизлар ва ёшлар учун 30 фоизлик квота эълон қилинди. — Газета.uz

Швейцария ҳукумати аҳолига 7000 евродан тўлаш таклифини берди

Швейцария федерал канцелярияси ҳар бир фуқарога, шу жумладан, болаларга ҳам 7500 Швейцария франки (тахминан 7 минг евро) тўлаш ҳақидаги ташаббусни расмий ахборотномада чоп этди. Агар 2022 йил 22 апрелгача ушбу ташаббусни 100 минг киши қўллаб-қувватласа, у референдумга қўйилади. Агар референдум бўлиб ўтадиган бўлса, унда маблағ ташаббус қабул қилинганидан кейин бир йиллик муддатдан кечиктирмай тўланади. — Газета.uz

Қирғизистонда ташқи қарзни оддий фуқаролар ҳисобидан тўлаш таклиф қилинди

Қирғизистон парламенти депутати Айнуру Алтибаева оддий фуқаролардан пул йиғиб, мамлакатнинг ташқи қарзини, хусусан, Хитой олдидаги қарздорликни узишга чақирди. Парламент аъзоси «Келажак учун» деб номланган махсус кампания бошлади. Банкда ҳисоб рақами очиб, у ерда маблағ тўплашни режалаштирган. Айнуру Алтибаева ушбу ташаббус ўзига тегишли эканлигини ва йиғилган маблағни назорат қилиш учун «Элдик Кенеш» кузатувчилар гуруҳи тузилишини таъкидлади. Депутатнинг ўзи шахсий ойлик иш ҳақи — 25 500 сомни ўтказишга тайёрлигини билдирди. — Газета.uz