Швейцария федерал канцелярияси ҳар бир фуқарога, шу жумладан, болаларга ҳам 7500 Швейцария франки (тахминан 7 минг евро) тўлаш ҳақидаги ташаббусни расмий ахборотномада чоп этди, дея хабар берди Meduza нашри.

Агар 2022 йил 22 апрелгача ушбу ташаббусни 100 минг киши қўллаб-қувватласа, у референдумга қўйилади. Агар референдум бўлиб ўтадиган бўлса, унда маблағ ташаббус қабул қилинганидан кейин бир йиллик муддатдан кечиктирмай тўланади.

Санкт-Галлен кантонининг еттита аҳолиси мамлакатнинг ҳар бир аҳолисига 7500 франк тўлаш таклифини беришган. Ташаббус муаллифларининг фикрига кўра, Швейцария миллий банки миллий валюта қийматини пасайтириш учун «вертолёт пулини» (якуний истеъмолчилар орасида эркин тақсимланадиган қайтарилмайдиган пул) тўлаши керак. Ғоя муаллифлари пулни тўлаш учун янги пуллар чиқарилиши керак, таклиф этилган сумма эса солиқлардан озод этилиши керак, деб ҳисоблашади.

2016 йил июнида бўлиб ўтган референдумда Швейцария аҳолисининг кўпчилиги мамлакатда фуқароларга уларнинг ишлаш-ишламаслигидан қатъи назар, ойига 2500 франк миқдорида кафолатланган даромад жорий қилинишига қарши овоз беришган.