Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев парламентнинг қуйи палатаси — Мажилисга сайловларни 2021 йил 10 январда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Президентнинг сўзларига кўра, янги сайлов кампанияси бошланишидан олдин сиёсий жиҳатдан модернизация қилиш, кўп партиявийликни ривожлантириш ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрилган.

Қозоғистонда парламент мухолифати институти жорий этилди. Унга парламент сессияларининг ҳар бирида камида бир марта ташаббус кўрсатиш, шунингдек, бир сессия давомида камида икки марта ҳукумат соатининг кун тартибини белгилаш ҳуқуқи берилган.

Партиялар рўйхатида илк маротаба хотин-қизлар ва ёшлар учун 30 фоизлик квота эълон қилинди. «Ушбу меъёр аёллар ва ёшларни парламентга ва маҳаллий вакиллик органларига жалб қилишнинг самарали механизмига айланади, бу уларнинг мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаолроқ иштирок этишига ёрдам беради», — дея таъкидлади Қасим-Жомарт Тоқаев.

Бундан ташқари, бўлажак сайловлар — маҳаллий вакиллик органлари сайловлари илк марта партиялар рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Мажилисда 107 депутат бор, шулардан 98 нафари сиёсий партиялардан партиялар рўйхати бўйича, 9 нафари эса Қозоғистон Халқ ассамблеяси томонидан сайланади.