Қирғизистон парламенти депутати Айнуру Алтибаева оддий фуқаролардан пул йиғиб, мамлакатнинг ташқи қарзини, хусусан, Хитой олдидаги қарздорликни узишга чақиради. Бу ҳақда у матбуот анжуманида айтиб ўтди, дея хабар берди 24.kg нашри.

Парламент аъзоси «Келажак учун» деб номланган махсус кампания бошлади. Банкда ҳисоб рақами очиб, у ерда маблағ тўплашни режалаштирган. Айнуру Алтибаева ушбу ташаббус ўзига тегишли эканлигини ва йиғилган маблағни назорат қилиш учун «Элдик Кенеш» кузатувчилар гуруҳи тузилишини таъкидлади. Депутатнинг ўзи шахсий ойлик иш ҳақи — 25 500 сомни ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Бу расмийларнинг мамлакат ташқи қарзини оддий фуқаролар ҳисобига тўлашга қаратилган биринчи уриниши эмас. 2018 йилда Муҳаммадмедкали Абилгазиев бошчилигидаги ҳукумат давлатга ёрдам беришни хоҳловчилардан маблағ тўплаш учун махсус ҳисоб рақами очишни таклиф қилган эди. Шундан кейин фуқароларнинг аксарияти давлат қарзини порахўр амалдорларнинг мол-мулки билан тўлашни таклиф қилишди.

Алмазбек Атамбаев даврида иккита ҳисоб очилган — сомда ва долларда. 2012 йилда улар ёпилган, маблағлар эса Молия вазирлигига ўтказилган, деб ёзади 24.kg нашри.

Октябрь ойининг бошларида Москва давлат университетининг ахборот-таҳлил маркази томонидан «Молиявий тубсизлик арафасида: Қирғизистон қарзлардан кечишни сўрайди» деган мақола чоп этилди. Мақолада республика узоқ йиллардан бери дефолт ёқасида туриб қолаётгани, бу вазиятдан фақат ташқаридан тушган нақд пул эвазига қутулиш мумкинлиги айтилган.

Маълумот учун, айни пайтда Қирғизистоннинг миллий қарзи ўсиб бормоқда ва июль ҳолатига кўра 4,8 млрд доллардан ошган. Бу ҳолат бутун мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бюджет камомади ҳам ўсиб бормоқда — йил охирига келиб бу кўрсаткич тахминан 400 млн долларга етиши мумкин. Шунингдек, мамлакат ташқи қарзининг 43 фоизи Хитойдан олинган.