Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Садир Жапаров иқтисодий амнистия эълон қилди ва ноқонуний равишда қўлга киритилган мол-мулкни давлат ғазнасига қайтаришлари учун порахўр амалдорларга 30 кун муҳлат берди. Тегишли баёнот мамлакат ҳукумати сайтида эълон қилинди.

Унинг таъкидлашича, сўнгги 30 йил ичида энергетика, божхона ва солиқ хизмати, дори воситалари билан таъминлаш, лицензиялаш, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва бошқа соҳаларда «тизимли коррупция схемалари ривожланган».

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, иқтисодий амнистия давлат бюджетини тўлдириш, илгари ноқонуний равишда олиб чиқилган капитални қайтариш, тадбиркорлик доираларининг яширин ресурсларини қонуний йўлга олиб кириш, тадбиркорлар учун тенг шароитларни яратиш, ижобий макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун зарур маблағларни топишга ва мамлакатнинг ташқи қарзини тўлашни таъминлашга имкон беради.

«Шу муносабат билан, оддий одамларни алдаб, улардан фойда кўрган, жиноий схемалар уюштирган порахўрлар; турли компанияларда ўз акцияларига эга бўлган собиқ амалдорлар; рейдерлик йўли билан йирик корхоналарнинг акцияларини ноқонуний равишда эгаллаб олган мансабдор шахслар; солиқларни тўлашдан бўйин товлаётган тадбиркорлар; амалдаги қонун ҳужжатлари бузилишида иштирок этган ёки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишда ёрдам берган айрим мансабдор шахслар; вазирликлар ва идоралар раҳбарлари; божхона ходимлари ва молиячилар! Мен сизларга 30 кун бераман! Сиздан ҳамма нарсани ошкор қилишингизни ва мавжуд бўлган фактлар тўғрисида ҳақиқий маълумотларни ошкор этишингизни истайман. Ушбу йўл билан эгалик қилинаётган барча нарсаларни давлат хазинасига қайтаришни талаб қиламан!» — деди Садир Япаров.

У қисқа вақт ичида иқтисодий амнистия ва пул маблағлари, кўчар ва кўчмас мулкни легаллаштириш учун қонуний асос тайёрланишига ваъда берди.

«Агар сиз ушбу имкониятдан фойдаланмасангиз ва иқтисодий амнистияни эътиборсиз қолдирсангиз, қонунчиликка мувофиқ энг қатъий чоралар кўрилади. Ваъда бераманки, ҳар бирингизнинг мулкингизни, капиталингизни қаерда бўлмасин, аниқлаймиз», — деди Садир Жапаров.

Қирғизистон раҳбари в.б. декларация қилинган мол-мулк ва даромадларнинг дахлсизлигини, барча жазо турларидан озод қилинишини ва махфийликни кафолатлашини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Айнуру Алтибаева оддий фуқаролардан пул йиғиб, мамлакатнинг ташқи қарзини, хусусан, Хитой олдидаги қарздорликни узишга чақиргани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, айни пайтда Қирғизистоннинг миллий қарзи ўсиб бормоқда ва июль ҳолатига кўра 4,8 млрд доллардан ошган. Бу ҳолат бутун мамлакат тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бюджет камомади ҳам ўсиб бормоқда — йил охирига келиб бу кўрсаткич тахминан 400 млн долларга етиши мумкин. Шунингдек, мамлакат ташқи қарзининг 43 фоизи Хитойдан олинган.