Тошкент шаҳрида йўловчилар ташиш ҳажмлари ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ томонидан 300 дона электробус сотиб олиниши режалаштирилган. Бу ҳақдаги тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳаси йўловчи транспорти тизимини янада ривожлантириш ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ корхоналари автобуслар паркини замонавий транспорт воситалари билан янгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 триллион сўмга баҳоланмоқда. Ҳар йили 100 та электр автобус сотиб олишга 325,5 миллиард сўм, уч йил давомида эса 976,6 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган. 300 та қувватлантириш станциялари тахминан 30,5 миллиард сўмни ташкил этади (йилига 10,2 миллиард сўм). Шундай қилиб, битта электр автобуснинг дастлабки нархи тахминан 3,2 миллиард сўмни, битта қувват олиш станциясининг қиймати эса 101,7 миллион сўмни ташкил қилади.

Электр автобуслари ва зарядловчи ускуналарни сотиб олишнинг молиялаштириш манбаи «Ўзсаноатқурилишбанк» дан бир йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бўйича (ҳозир 14 фоиз), 0,5 фоиздан ошмайдиган маржаси қўшилган кредит ҳисобланади. Кредит, фоизлар, комиссион тўловлар ва кредитга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатларни давлат бюджети ҳисобидан тўлаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, электр автобуслари ва қувват олиш станциялари учун эҳтиёт қисмлар ва материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви тўловлари бундан мустасно) ва ҚҚСдан кафолат муддати давомида озод қилиниши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек қарор лойиҳасида, электробусларнинг йўловчилар учун қулайлиги, шовқинсизлиги, атмосферага зарарли моддалар чиқармаслиги ва тасарруф сарф-ҳаражатларининг камлиги таъкидлаб ўтилган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 29 октябргача давом этади.