Ижтимоий тармоқларда «Самарқандда ИИБ ходимлари маскасиз юрган 15 ёшли болани олиб кетишмоқчи бўлди, акасини ва атрофдаги одамларни тушунтиришига қарамасдан, милиция 15 ёшли болани олиб кетти ва шу воқеани тасвирга олаётган аёлни телефонига уришди» номли видеолавҳа тарқалди.

Вилоят ИИБ мазкур ҳолатни ўрганиб, у бўйича изоҳ берди. Қайд этилишича, воқеа 13 октябрь куни соат тахминан 13:00 ларда Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасида содир бўлган.

«Ушбу йўналишда хизмат олиб бораётган ППХ ходимлари кўчада тиббий ҳимоя ниқобини тақмай ҳаракатланиб келаётган 16 ёшли А. ва унинг акасини тўхтатиб, карантин қоидалари бекор бўлмаганлиги, тиббий ҳимоя ниқобини тақиб юриш лозимлигини тушунтириб, уларни ИИБ биносига таклиф қилишганда, улар ИИО ходимларининг қонуний талабларига қаршилик қилишган», — дейилади баёнотда.

Вилоят ИИБ ходимнинг жараённи тасвирга олаётган фуқарога ташланишини фуқаронинг қўл телефонини ППХ ходими юзига яқин олиб келганига боғлаб, ходим камерани туртиб юборганини иддао қилди.

Қайд этилишича, фуқаролар ИИБ биносига олиб келиниб, улар билан карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, уйига жавоб берилган. Шунингдек, ҳолатдаги ППХ ходимлари билан яна бир-бор фуқаролар билан мулоқот жараёнларида одоб-аҳлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда ҳам жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлди. Хусусан, таниқли журналистлардан бири Шуҳрат Шокиржонов вояга етмаган болани ниқоб тақмагани учун жаримага тортиб, ундан ундирилган 1 млн 115 минг сўм (БҲМнинг 5 баравари) билан давлатни бой қила олмаслигига ишора қилди.

«Шу болага „эй ука, маска тақиб юр“ десанг, ёки ўша 1500 сўм турадиган маскани ҳаммани олдида огоҳлантириб, „мана ука, мана буни тақиб ол“, деганингда, ўша сани тасвирга тушираётган, соткасини сен тортиб олмоқчи бўлган холалар ҳам чапак чалиб юборган бўларди», — деб ёзди у.