Наманган вилояти прокурори Акмалхўжа Мавлонов президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

А.Мавлонов 1975 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йилда Давлатобод туман прокуратурасида бошлаб, Наманган вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори, Марғилон шаҳар прокурори, Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, Хоразм вилояти прокурори лавозимларида фаолият юритган.

2018 йил февраль ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўша йили август ойида бош прокурор ўринбосари этиб тайинланган.

Акмалхўжа Мавлонов 2019 йил июлидан бери Наманган вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Жаҳонгир Ҳотамов. Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

2018 йил февралидан бери Хоразм вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётган Жаҳонгир Ҳотамов Наманган вилояти прокурори этиб тайинланди.