7 октябрь куни механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги соҳасидаги атоқли олим, Фанлар академияси академиги Турсунбой Рашидов 86 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва мамлакат раҳбариятининг бошқа вакиллари олимнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиришди.

Турсунбой Рашидов 1934 йил 27 майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1956 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, ушбу илмий даргоҳ аспирантурасида таҳсил олди. 1964 йилда номзодлик, 1972 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1984 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланган.

Истеъдодли олим ўзининг қарийб 65 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг М. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги институти лаборатория мудири, директори, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори, Фанлар академиясининг ҳайъат аъзоси, бош илмий котиби, академик-котиби, вице-президенти ва бошқа лавозимларда ишлаган.

Турсунбой Рашидов Ўзбекистонда мураккаб тармоқли ер ости иншоотларининг сейсмодинамик назарияси асосчиси бўлиб, республикамизда сейсмик мустаҳкамлик бўйича ўз илмий мактабини яратди. Заҳматкаш олим механика соҳасида фундаментал илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ этишга бевосита раҳбарлик қилди. Айниқса, унинг раҳбарлигида сейсмик ҳудудларда ер ости иншоотлари учун қурилиш меъёрлари ва қоидалари ишлаб чиқилиб, шу асосда Тошкент шаҳри метрополитенининг янги сейсмик мустаҳкам конструкциялари яратилгани ушбу соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Академик Турсунбой Рашидов Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти совриндори, «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.