2 октябрь куни АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилган Ўзбекистондаги «Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар» / «Одам савдосига қарши кураш» дастурининг беш йиллик ютуқлари нишонланди. Дастур Халқаро Миграция Ташкилоти томонидан бир қатор давлат идоралари, шу жумладан, Инсон Ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази, шунингдек ҳамкор нодавлат ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилди.

Дастур мамлакат фуқаролик жамияти секторининг одам савдоси тўғрисидаги хабардорлигини оширишда кўмаклашиб, фуқаролар ва мигрантларнинг ўз меҳнатига оид ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратган.

АҚШ элчихонаси матбуот хизматининг хабар беришича, дастур орқали 1700 дан ортиқ одам савдоси жабрдийдалари, шу жумладан ҳимоясиз мигрантлар ва оиладаги зўравонлик қурбонлари бўлган мигрантлар уйларига қайтиб, психологик ёрдам ва реинтеграция учун махсус кўмак олишди.

Дастурда шунингдек 95 мингдан ортиқ шахсларга одам савдоси хатарлари бўйича тушунтириш берилди. Бундан ташқари, «Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар» дастури орқали амалга оширилган «Одам савдосига қарши 30 кун» акцияси давомида маҳаллий ҳамкорлар орқали миллионга яқин одам қамраб олинди.

«Сўнгги икки йил ичида ушбу соҳада 15 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари қабул қилинди, шу жумладан Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ва Миллий маърузачи институти ташкил этилди», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэл Розенблюм.

АҚШ элчихонасининг маълмотларига кўра, 2005 йилдан бошлаб USAID одам савдоси тўғрисида хабардорликни ошириш ва ушбу жиноят қурбонларига ёрдам кўрсатиш учун 6 млн АҚШ долларидан ортиқ маблағ сарфлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ матбуот хизматининг хабар беришича, дастур доирасида ўтказилган тренингларда давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг 166 мутахассиси профессионал тайёргарликдан ўтган.

2017 йилда одам савдосига қарши курашиш ва муҳожирларни ҳимоя қилиш миллий тизимининг таҳлили ўтказилди, натижада бир қатор таклифлар ишлаб чиқилган.

Инсон Ҳуқуқлари бўйича Миллий Марказ одам савдосига қарши курашиш мавзусида бир қатор рисолалар ва қўлланмалар ишлаб чиқди ва ўзбек тилида нашр этди. Давра суҳбатида яна бир шундай нашр — болалар ва ёшлар учун «Одам савдосига қарши кураш» иллюстратив китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Ўзбекистон президенти «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» ги қонуннинг янги таҳририни имзолади.