24 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижонда «Технопарк» компаниясининг ақлли газ ҳисоблагичи портлагани ҳақида хабар тарқалди.

«Ўрнатишдан 2,5 соат ўтгач портлади. Яхшиям ҳеч ким жабрланмади. Парчаси кўзга кириб кетса нима бўлар эди? Ёки газ сизиб чиқиши сабабли каттароқ портлаш содир бўлганда-чи?» — деб ёзди Facebook фойдаланувчиси.

«Ҳудудгазтаъминот» компаниясининг «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали маълумотларига таяниб «Газета.uz»га маълум қилишича, Андижоннинг Шимолий кичик даҳа 77-уйдаги хонадонда «газ тармоқлари ва ускуналарининг нотўғри эксплуатацияси натижасида келиб чиққан техноген тусдаги фавқулодда ҳолат» содир бўлган.

«Дастлабки тахминларга кўра, ҳисобга олиш ускунаси ичида содир бўлган газ-ҳаво аралашмаси чақнаши унинг бузилишига олиб келган. Мазкур участкага газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилгунга қадар газ қувурига атмосфера ҳавосининг тушиши газ ускунаси ва газ тармоғи ичида ҳаво-газ аралашмаси юзага келишининг эҳтимолий сабаби ҳисобланмоқда. Жумладан, қўшни хонадонларда (учта хонадонда аниқланган) газ тармоқлари учун мўлжалланмаган резина шлангларнинг уланиши натижасида», — дейилади хабарда.

Компания тармоқда босим ошиб кетгани сабабли ҳисобга олиш ускунаси бузилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни рад этди.

«Ҳудугазтаъминот» барча табиий газ истеъмолчиларини газ ускуналари ва уй ичидаги газ тармоқларини техник кўрикдан ўз вақтида ўтказиш, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузмаслик, ностандарт газ ускуналари ва шланглардан фойдаланмасликка чақирди.