20 сентябрь куни Ўзбекистонда 648 та коронавирус ҳолати аниқланди (бир кун олдин — 614 та). Рўйхатга олинган жами ҳолатлар сони 51640 тага етди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Кун давомида COVID-19 билан касалланган беморларнинг 6 нафарининг ўлими қайд этилди (пандемия бошланганидан бери жами 433 нафар), шулардан 5 нафари пойтахтда ва 1 нафари эса Тошкент вилоятида. Ҳалок бўлганлар орасида 56 ёшли Ў. Б. (бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев) ҳам бор, у Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Тошкентда яшаган ва пойтахтдаги COVID-19 ўлим статистикасига киритилган. «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Барноев Германияда даволанаётган эди ва ўша ердаги клиникада вафот этган.

Шу билан бирга, Daryo.uz 22 август куни коронавирус асоратларидан вафот этган Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов ҳам ўзи яшаган Бухоро вилояти эмас, балки у даволанган Тошкент бўйича ўлим статистикасига киритилганига эътибор қаратди.

Кун давомида тузалиб кетганлар сони 661 нафарга ошди ва жами 47932 кишини (93%) ташкил этди.

Ҳозир тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3275 беморнинг 557 нафари оғир, 245 нафари ўта оғир аҳволда.