17 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида содир бўлган ЙТҲда икки киши, жумладан, беш ойлик гўдак вафот этди. Тўрт киши, шу жумладан, болалар тан жароҳати олишди, дея хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси матбуот хизмати.

Кечки соат 20:30 ларда Hyundai Porter юк машинаси ҳайдовчиси 35 ёшли Х.Т. худди шу йўналишда чапга қайрилиш учун (рухсат этилган жойда) тўхтаб турган ҳайдовчи 49 ёшли Б.У.нинг бошқарувидаги «Т-28» русумли тракторнинг тиркамасига келиб урилган.

Hyundai Porter ҳайдовчисининг турмуш ўртоғи — 32 ёшли С.Т. (аёл) тан жароҳатлари олиб ходиса жойида, вояга етмаган 5 ойлик қизи Б.Б. эса Охангарон туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига олиб келинган вақтда вафот этган. Бундан ташқари, Х.Т. ва унинг ўғиллари — 12 ёшли Б.Б., 10 ёшли У.Б. ва 7 ёшли Х.Б. турли даражадаги тан жароҳатлари билан, туман марказий шифохонасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда жиноят иши вилоят ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига олинган.