Қашқадарё вилояти Китоб тумани прокуратураси мактаб ҳожатхонасида осилган ҳолда топилган 13-мактаб директори Н. Т.нинг ўлимини текширмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар қилишича, 8 сентябрь куни Китоб тумани «Боғбон» МФЙ Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи фуқаролар туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, жияни Н.Т. ўз жонига қасд қилганини билдирган ва айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Туман ИИБ ходимлари Н.Т.нинг ўлими ҳолатини аниқлаш учун марҳумнинг уйига борганларида, унинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этганлиги ҳақида айтишиб, жасадни шу кунни ўзида кўмиб юборишган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида туман халқ таълими бўлими, туман ички ишлар бўлими, махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказининг Китоб тумани бўлими ҳодимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текширувлари тайинланган.

Текширув ҳаракатлари давомида Н.Т.нинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида жасадни эксгумация қилиш йўли орқали суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказиш тушунтирилганда, марҳумнинг яқин қариндошлари жасадни эксгумация қилишга мутлақо қарши эканликларини билдиришган.

Марҳум Н.Т. ўлимидан аввал 3 нусхада тилхат ёзиб қолдирган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу тилхатлар Н.Т.нинг тоғаси Л. Э.да сақланаётганлиги аниқланган. Ушбу тилхатларни терговга қадар текширув заруратига кўра судга оид хатшунослик экспертизаси тайинлаш учун тақдим қилиш талаб этилганда, Л. Э. ушбу ҳужжатларнинг нусхасини тақдим қилиб, асл нусхаларини тақдим қилишдан бош тортган.

Мазкур тилхатлар кўздан кечирилганда оила аъзоларидан рози эканлигини, фарзандларига ғамхўрлик қилишни, шунингдек, мактаб ўқитувчиларидан коррупцияга йўл қўймасликни сўраган. Ҳозирда Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: NasafNews / Telegram.

«Ҳурматли устоз касбдошлар. Ҳар қандай шароитдаям коррупцияга йўл қўйманг. Мактабда ўтирган „тўнкалар“ ҳам қимирласин. Кимлигини билдингиз. Ўшаларга Яратгандан инсоф тилаб қоламан», — дейилади хатда.