Ижтимоий тармоқларда хонанда Вохиджон Исоқовнинг Tashkent City`да бўлиб ўтган тўйидан фото ва видеолар тарқалди. Фойдаланувчилар ушбу тадбирга 50 нафардан ортиқ меҳмонлар ташриф буюргани, бу ҳали ҳам амалда бўлган карантин талабларини бузиш эканлигини таъкидладилар. Тошкент ИИББ эса коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи мавжуд бўлган шароитда бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслигини маълум қилди.

ИИББ хабарида қайд этилишича, 32 ёшли Вохиджон Исоқов Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддасига (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) кўра жаримага тортилиб, унга БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида жарима белгиланган.

Маълумот учун, МЖТКга кўра, БҲМнинг 5 баравари миқдоридаги жарима 54-модда 1-қисмида кўзда тутилган қоидабузарлик — карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлганлик учун тайинланади. Мазкур модданинг иккинчи қисмида эса карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, мазкур қоидабузарлик фуқароларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўз навбатида, ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати ўтган даврда карантин қоидаларини бузган 619,1 минг фуқаро аниқланганлигини хабар қилди. 15 сентябр ҳолатига кўра, кунига 1,175 миллион ҳуқуқбузарлик қайд этилган, ўртача кунига тахминан 600−650 та маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Ушбу даврда 155,8 мингдан ортиқ автомашиналар сақлаш жойларига жўнатилди. Бундан ташқари, карантин қоидаларини бузганлик учун 100,5 минг фуқарога нисбатан МЖТКнинг 54-моддаси 1-қисми, 26,9 мингтасига нисбатан — 2-қисми бўйича чоралар кўрилди.

Биргина пойтахтнинг ўзида 78,5 минг фуқаро ниқобсиз юргани учун жаримага тортилган, карантин талабларини бузгани учун 20 мингдан ортиқ транспорт воситаси расмийлаштирилган, 9000 та автомашина жарима майдончасига жўнатилган.