Республика махсус комиссияси қарори билан халқаро туризмни ташкил этишга нисбатан қўлланилган чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар қилди.

Шу билан бирга туризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида туристик компанияларга туристларни олиб келиш билан боғлиқ енгилликлар тақдим этилмоқда.

Бунда Ўзбекистонга хорижий давлатлар фуқаролари бўлган туристларни олиб келиш фаолияти билан шуғулланаётган туристик фирмалар улар томонидан мамлакатга туристик гуруҳ (5 кишидан кам ва
15 кишидан ортиқ бўлмаган ва турли касалликлар, жумладан, Covid-19 қамраб оладиган тўлиқ суғуртаси бўлиши шарти билан)
сифатида ташкил этилаётган туризм саёҳатларини амалга оширишдан аввал туристларни ПЗР тест текширувидан ўтказилишини таъминлаши белгиланди.

Шунингдек, ПЗР тест текшируви натижаси манфий бўлган туристларга нисбатан 14 кунлик карантинда сақлаш бўйича чеклов қўлланилмайди ҳамда мамлакатга киришда коронавирус инфекциясига ПЗР, экспресс-тест ёки антиген текширувларидан ўтказилмайди.

Хорижий туристлар Ўзбекистонда мавжуд карантин чекловлари ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатланишлари лозим бўлиб, бу борадаги талаблар бажарилиши туристик фирмалар зиммасига юклатилди.

Шу билан бирга Ўзбекистонга кириш вақтида коронавирус инфекциясининг аломатлари (йўтал, иситма ва б.қ.) пайдо бўлганда хорижий турист ўтказиш пункти (аэропорт, вокзал ёки бошқа) ҳудудида ўз ҳисобидан коронавирус инфекциясига ПЗР ёки экспресс-тест ёки антиген текширувидан ўтиш учун намуна топширади, бунда тест натижалари мусбат чиқадиган бўлса ўз ҳисобидан карантинга олиниб даволанишдан ўтади ёхуд ўз мамлакатига қайтади.