Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 11-умумтаълим мактабида ўқув йили бошланишининг биринчи кунида, ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси дарс вақтида вафот этди, дея хабар берилди Sevimli телеканали Zamon кўрсатувида.

Ҳодиса учинчи соат, информатика дарсида юз берган. Ўқувчи дарс тугашига 15 дақиқа қолганда ҳушидан кетган. 9-синф ўқувчиси (қиз бола) кўрсатилган биринчи ёрдамга қарамай вафот этган.

Мактаб директори ўринбосари Дилноза Ҳатамованинг сўзларига кўра, дарс вақтида вафот этган 9-«В» синф ўқувчисининг ҳолати эрталаб мактабга келганида жуда яхши, тана ҳарорати ҳам жойида бўлган. Барча ўқувчилар қаторида антисептик воситалар билан зарарсизлантирилган.

Информатика ўқитувчисининг айтишича, одатда ўқувчи дарсларда яхши қатнашган, бироқ ушбу куни у дарсда деярли фаол бўлмаган.

Айнан шу куни «Хаваслик» қишлоқ врачлик пункти шифокорлари 1-синф ўқувчиларини эмлаш учун мактабга боришган. Улар ҳушидан кетган ўқувчига биринчи ёрдам кўрсатишган. Қизда ҳаёт учун ҳеч қандай белги кўринмаган бўлса-да, унга ўпка-юрак реанимациясини амалга оширилган. 15 дақиқалик реанимация ҳаракатидан сўнг ҳам беморда ҳаётлик белгилари тикланмаган. Бундан ташқари, ўқувчи қизга ташқи юрак массажи қилинган ва сунъий нафас бериб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Аммо бунинг фойдаси бўлмаган.

Айни вақтда ўқувчи қизнинг тўсатдан вафот этиш сабаби номаълум. Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан суриштирув ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.