Туркия суди 2017 йил Истанбулда теракт уюшитирган Ўзбекистонда туғилган Абдулқодир Машариповга умрбод қамоқ жазоси белгилади. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.

2017 йил 1 январь оқшомида Абдулқодир Машарипов Истанбулдаги Reina клубида отишма бошлаб, 39 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 65 киши тан жароҳати олган. Ўшанда клубга ҳужум уюштириш бўйича жавобгарликни «Ислом давлати» террористик ташкилоти ўз бўйнига олган эди.

Терактни содир этгандан кейин Машарипов кийимларини алмаштирган ва клубдан қочаётган оломонга қўшилиб қочиб кетган. Терактдан 2 ҳафта ўтиб у қўлга олинган эди.

Суд жараёнида Абдулқодир Машарипов ўз айбини тан олмади. Унинг сўзларига кўра, у қийноқлар ва босим остида кўрсатма берган. Бундан ташқари, у бармоқ изларини текшириш бўйича даъвоси қондирилмаганлигини айтди.

Туркия суди Машариповни мамлакат конституциясини бузишда ва 39 нафар одамни қасддан ўлдиришда айбдор деб топди ва 40 та умрбод қамоқ жазоси белгилади.

Бундан ташқари, суд Машариповни 79 кишини ўлдиришга қасд қилиш ва лицензиясиз қурол олиб юришда айбдор деб топди ва 1368 йилга озодликдан маҳрум этди, 375 минг лира жаримага тортди.

Унда муддатдан аввал озодликка чиқиш ҳуқуқи бўлмайди.