Ҳар йили дунё бўйлаб 7 млн киши ҳавонинг ифлосланиши оқибатида вафот этади. Уларнинг кўпчилиги саратон, нафас олиш йўллари ёки юрак касалликларига чалинган. Болаларда кўп ҳолларда астма, сурункали ўпка касалликлари, ўсишнинг секинлашиши, семириш ва ақлий заифлик пайдо бўлиши эҳтимоли кўпроқ, дея хабар берди БМТнинг янгиликлар маркази 7 сентябрь — Халқаро тоза ҳаво кунида.

COVID-19 пандемияси даврида одамлар самолётларда камроқ уча бошлашди ва жамоат транспортидан кам фойдаланишди. Олимлар дунёнинг кўплаб шаҳарларида ҳавони ифлослантирувчи моддалар концентрациясининг, айниқса азот оксидлари даражасининг кескин пасайишини аниқлашди. Бу, асосан, шаҳар жойларида транспорт ҳаракати камайганлигининг натижаси бўлди.

Бироқ, мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳаво сифатига транспорт воситаларидан ташқари кўплаб бошқа ифлослантирувчи моддалар ҳам таъсир қилади. Масалан, турар-жой бинолари ва бошқа биноларни иситиш пайтида ёки далаларни уруғлантириш пайтида ҳавога кўтариладиган майда заррачалар орқали ифлосланиш даражаси пасаймади.

«Бу шуни кўрсатадики, атроф-муҳитнинг зарарланишини олдини олиш учун, транспорт соҳасидан ташқари, бошқа тармоқлараро комплекс чора-тадбирларни кўриш жуда муҳимдир», — дейилади Европанинг БМТ иқтисодий комиссияси баёнотида.

Баёнот муаллифлари ҳавонинг ифлосланиши нафақат инсон саломатлигига, балки иқтисодиётга ҳам зарар етказишини эслатиб ўтишди. Атроф-муҳитнинг ифлосланишидан кўриладиган иқтисодий зарар Европа минтақасининг 10 та мамлакатидаги миллий ЯИМнинг камида 20 фоизини ташкил қилади.

Халқаро тоза ҳаво кунида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси узоқ масофали чегаралараро ҳаво ифлосланиши тўғрисидаги конвенцияга риоя қилиш муҳимлигини эслатди.

40 йил ўтгач, ушбу Конвенция дунёдаги ягона минтақавий ҳужжат бўлиб қолмоқда. Бу халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди, айниқса ҳавони ифлослантирувчи моддалар миллий чегараларни кесиб ўтиб, минглаб километрларни босиб ўтиши мумкин эканлиги ҳисобга олинса. Конвенция бўйича жамоавий саъй-ҳаракатлар аллақачон ўз натижаларини берган: масалан, 1990 йилдан бери Европада зарарли моддалар, шу жумладан заррача ва олтингугурт чиқиндилари 30 фоиздан 80 фоизгача камайди. Бироқ, олдинда ҳали кўп муаммолар мавжуд.

БМТ томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, Европа Иқтисодий Комиссиясининг аъзолари бўлган ўнта мамлакатда: Ирландия, Исландия, Испания, Эстония, Канада, Норвегия, Португалия, АҚШ, Швеция ва Финляндияда ҳавонинг ифлосланиш даражаси рухсат этилган минимал даражадан ошмайди.