3 сентябрь куни Ўзбекистонда 257 ҳолатда коронавирус қайд этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, бугунги ҳолат икки ойдан зиёдроқ вақт аввалги, яъни 27 июнь куни коронавирус қайд этилган 255 нафарлик минимумга яқинлашди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида 3, Тошкент вилоятида 2 нафар, жами 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Тошкент шаҳри, Сирдарё, Хоразм, Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона ҳамда Қашқадарё вилоятларида жами 293 нафар бемор соғайди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 42 797 нафар бемордан 40 176 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 287 нафар бемордан 351 нафари оғир, 181 нафари эса ўта оғир аҳволда.