Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди дизайнер Нариман Алимжановни (Нариман Григорян) қасддан ўлдиришда айбланаётган судланувчига нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати.

Судланувчи Б. Буркитбаев (1996 йилда, Тошкент вилоятида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, илгари судланмаган) Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Суднинг 14 августдаги ҳукми билан Б. Буркитбаев 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд тайинланган жазонинг умумий режимдаги колонияларда ўташ муддатини белгилаб берди.

Олий суднинг сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, 14 август куни ўтган суд мажлисида у 97-модданинг 2-қисмининг «ж» ва «и» бандлари (ўта шафқатсизлик билан, тамагирлик ниятида, қасддан одам ўлдириш), 120-модда (бесоқолбозлик), 164-модда 3-қисмининг «г» банди (баданга оғир шикаст етказган ҳолда содир этилган босқинчилик), 173-модданинг 2-қисмининг «б», «в» бандлари (кўп миқдорда ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) катта зарар етказишда айбланган.

Эслатиб ўтамиз, дизайнер Нариман Григорян январь ойида ижара шартномаси асосида яшаб келган Яшнобод туманидаги уйда ўлдирилган эди.