Деҳқонобод калий заводи 2018−2020 йиллардаги фаолияти давомида атроф-муҳитга келтирган зарари учун қўшимча 855,5 млн сўм компенсация тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати Деҳқонобод туман экология инспекцияси бошлиғи Ўктам Жўллиевга таяниб маълум қилди.

Таъкидланишича, президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг 4 июндаги «Деҳқонобод калий заводи» АЖ да текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган. Шунга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг 12 июнь куни «Деҳқонобод калий заводи» АЖ да табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва қонуности ҳужжатлари талаблари ижроси таъминланиши юзасидан текширув ўтказиш ҳақида буйруқ чиқарилган.

Қайд этилишича, завод 2018 йилда 10 млн 107 минг сўм, 2019 йилда 6 млн 962 минг сўм, 2020 йилнинг ўтган даври учун эса 2 млн 698 минг сўм миқдорида компенсация тўлаган.

«Эндиликда жамият шу тўловларга қўшимча яна 855 миллион 500 минг сўм компенсация тўлайди», — дейди Ўктам Жўллиев.