Хоразмда кадастр бўлими бошлиғи тадбиркордан 20 минг доллар пора талаб қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Газета.uz»га маълум қилди.

Маълумотга кўра, Тупроққалъа тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи М.Р. «Д.» МЧЖсининг иш юритувчиси Р.дан тумандаги Гурлан массиви ҳудудидан балиқчилик кўли ташкил қилиш учун 15 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 20 000 АҚШ доллари пора талаб қилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Хоразм вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, масъул порани олаётган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.