Давлат тест маркази ОТМларга кириш имтиҳонларини ўтказиш учун танланган жойлар рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатга 65 та майдонча киритилган.

Кириш имтиҳонларини ўтказиш учун Навоий ва Сирдарё вилоятларида 2 та, Бухоро, Хоразм ва Жиззах вилоятларида 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 4 та, Андижон ва Фарғона вилоятларида 6 та, Самарқанд вилоятида — 7 та майдонча ажратилиши кутилмоқда.

Тошкентда эса кириш тест синовлари 17 жойда ўтказилади. Шулардан 3 таси «Пахтакор» стадиони ҳудудида, 4 таси — Миллий боғда, 2 таси — Талабалар шаҳарчаси хиёбонида (Ўзбекистон Миллий университети ёнида), 5 таси — Ашхобод боғида, 1 таси — янги Ғалаба боғида ва 2 таси — пойтахтдаги Ботаника боғида.

Бу йил 1 миллион 361 минг 473 нафар абитуриентнинг тест синовларида қатнашиши кутилмоқда. Президент раислигида 6 август куни бўлиб ўтган йиғилишда эса 1 миллион 484 минг абитуриент бакалавриат дастурига кириш учун ариза топширгани хабар қилинди.

Эслатиб ўтамиз, университетларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрда бошланади ва икки ҳафта давом этади.