12 август — Халқаро ёшлар кунига бағишлаб, 2016 йилдан бери амалга оширилиб келинаётган «Technovation Girls» халқаро дастури Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ва БМТнинг «Фарғона водийси ёшларининг ижтимоий уйғунлиги» лойиҳаси билан биргаликда Андижон, Наманган ва Фарғонадаги қизлар ва уларнинг устозлари учун бепул онлайн тренинглари учун танлов эълон қилади. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг вакили «Газета.uz»га маълум қилди.

Тренинглар мақсади 16−18 ёшдаги қизларга ахборот технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, улар орасида СТЕМ соҳасини мукаммал тарғиб қилиш, гендер тенгликни мустаҳкамлаш, аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, сифатли таълим бериш ва СТЕМда аёллар ва қизлар жамиятини яратиш орқали минтақада инноватсияларни кашф қилишдан иборатдир. IТ ва технологиялар келажакдаги долзарб касблардандир! Олинган билимлар қизларга рақобатдош меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига имкон беради.

Тренинглар шунингдек менторлар (устоз) учун ҳам ўтказилади. 19 дан 32 ёшгача бўлган талабалар, ўқитувчилар, ИТ-мутахассислар менторликка даъвогар бўлишлари мумкин.

Technovation Fergana Valley дастури 4 ойлик онлайн-машғулотлардан иборат бўлади. Вебинарлар маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан қуйидаги мавзуларда ўтказилади:

  • мобил иловаларни дастурлаш;
  • бизнес-режа яратиш;
  • видео тасвирга тушириш;
  • тақдимотлар тайёрлаш;
  • менторлик;
  • ИТ соҳасидаги карера;
  • Барқарор Ривожланиш Мақсадлари.

Иштирокчилар ва менторлар танлов асосида сараланиб олинади. Аризалар фақат Фарғона водийси аҳолисидан 20-августга қадар www.technovation.uz сайтида қабул қилинади.

Ўзбекистоннинг қолган ҳудудлар учун Technovation Girls-2021 танловига рўйхатдан ўтиш октябрь ойидан бошланади.