Республикада бўлиб ўтган онлайн қабул жараёнлари якунига кўра, энг ёш абитуриент 13 ёшда деб эълон қилинган эди. Суриштирувларга кўра абитуриент ёшини кичрайтирганликда гумон қилинмоқда, дея хабар берди ЎзА.

22 июль куни Давлат тест маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида энг ёш абитуриент 13 ёш ва энг ёши улуғ абитуриент 95 ёшда эканлиги ҳақида ҳам маълумот берилган эди. ЎзАнинг олиб борган суриштирувларига кўра, 13 ёшли эканлиги айтилаётган Х.А. исмли абитуриент 2009−2010 ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган ҳамда 2019−2020 ўқув йилида ўша мактабнинг 11-синфини тамомлагани маълум бўлди. Яъни Х.А. ўқиш жараёнида 1-синфдан 11-синфгача тўлиқ таълим олган, яъни ўқиш даврида синфдан синфга сакратилмаган.

Ушбу маълумот аниқлангач, Халқ таълими вазирлиги кўмаги билан Х.А. истиқомат қиладиган туманнинг ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш орқали унинг 2003 йил 3 декабрда таваллуд топгани маълум бўлди. Бундан келиб чиқадики, абитуриент аслида 16 ёш (декабрь ойида 17 ёшга тўлади), у мактабнинг 1-синфига қабул қилинган пайтда 6 ёш бўлган.

Берилган маълумотларга кўра, Х.А.га 2019 йил апрель ойида туман ички ишлар бўлими томонидан 2006 йил 3 декабрда туғилганлиги акс этган фуқаролик паспорти берилган. Фуқаролик паспорти расмийлаштирилаётганда, ҳозирча маълум бўлмаган сабабларга кўра, Х.А.нинг ёши 3 йилга кичрайтирилган. Шунингдек, абитуриентнинг футболчилик фаолияти билан шуғулланиши маълум бўлди.

ЎзПФЛ аниқлаган маълумотларга кўра, вояга етмаган Х.А. футболчилик фаолияти билан шуғулланади ва туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида рўйхатда турган, профессионал футбол лигасида ҳозирча ўйинлар ўтказмаган.

Аниқланган юқоридаги ҳолатларда ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид жиноят аломатлари бўлиши мумкин, дейилади ЎзА хабарида. Ҳозирда тўпланган барча материаллар қонун доирасида кўриб чиқилиши учун Бош прокуратурага тақдим этилди.