14 август — Telegram мессенжери пайдо бўлган кун. Шу муносабат билан Android-қурилмалар учун оммавий синов тариқасида видеоқўнғироқлар функцияси янги, 7.0 версиясига киритилди. Бу ҳақда компания ўз расмий сайтида хабар берди.

Видеоқўнғироқ амалга ошириш учун, керакли фойдаланувчи шахсий профилига кириб, аввал овозли қўнғироқ қилиш тугмасини босиш керак. Сўнгра «Video» тугмаси босилади.

2020 йил юзма-юз мулоқот учун талабни юзага чиқарди ва бизнинг альфа версиядаги видео чақирувлар функциямиз энди Android учун ишлайди, — дейилади расмий хабарда.

Барча видео чақирувлар бошидан охиригача шифрлаш билан ҳимояланади. Бундан ташқари, келгуси ойларда компания гуруҳли видеоқўнғироқлар функциясини ҳам киритишни ваъда берди.

Нега iOS учун видеоқўнғироқлар киритилмади

Компания блогида ёзилишича, янги версияни App Store’га жойлаш учун Apple ҳанузгача иловани назоратдан ўтказмаган. iOS фойдаланувчиларини видео чақирувларни кутишга тўғри келади.

Биз барча iOS фойдаланувчиларимиздан ушбу функцияни фақат Android учун ишга тушираётганимиз туфайли узр сўраймиз. Бу янгиланишни App Store’га Google Play’га юборишимиздан бир неча кун олдин юборган бўлсак ҳам, Apple уни ўз вақтида кўриб чиқа олмади.

Агар iOS қурилмаларидан фойдалансангиз ва Telegram видео чақирувларини синашни хоҳласангиз, Apple сизга рухсат бергунигача кутишингизга тўғри келади — ёки Android каби фойдаланувчилари ва дастурчиларини кўпроқ ҳурмат қиладиган бошқа платформага алмаштиринг, — дейилади Telegram блоги хабарида.