Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чекка ҳудудларни ҳам тезроқ интернет билан таъминлаш ва талабалар учун арзонлаштирилган интернет трафиклари ажратиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари 6 август куни олий таълим масалаларига бағишланган йиғилишда қайд этиб ўтганини ЎзА хабар қилди.

Таъкидланишича, президентга бу таклифни Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева билдирган. Унинг айтишича, пандемия сабабли ўтган йили иккинчи семестр онлайн тарзда ташкил қилингандан сўнг кўпчилик талабаларда ўзига хос таклифлар ва талаблар юзага келган. Шу боис, талабалар янги ўқув йилини бошлашда нималарга эътибор бериш ҳақида ўз таклифларини беришган.

«Агар янги ўқув йилини биз онлайн бошлайдиган бўлсак, чекка қишлоқларни ҳам интернет билан таъминлаш масаласини ҳамда талабалар учун муҳим бўлган арзонлаштирилган интернет трафикларни ажратиш борасида мурожаат қилдим ва президентимиз тегишли мутасаддиларга бу бўйича топшириқ бердилар. Ўйлайманки, бу ҳаммамиз учун жуда ҳам қулай шароитни вужудга келтиради», — деди Гулчеҳра Рихсиева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент топшириғига асосан 2020/2021 ўқув йилида ОТМларга кириш имтиҳонлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларидаги стадионларда кунига икки марта — ҳаво салқин вақтларда ўтказилиши белгилани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов янги ўқув йили бошланишидан юқори босқич (иккинчи босқичдан бошлаб) талабалари учун таълим жараёни онлайн тарзда олиб борилиши ҳақида маълум қилганди.