Тошкент шаҳрида COVID-19 га гумон қилинган ёки касалланган беморларга тезкорлик билан малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 4 та саралаш ва тақсимлаш маркази ташкил қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Саралаш ва тақсимлаш марказлари қуйидаги манзилларда жойлашган:

  • 814 ўринли «Ўзэкспомарказ» 1−2 павильони (Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107-уй);
    Google Xarita бўйича аниқ манзил;
  • 1000 ўринли «Ўзэкспомарказ» 3−4 павильони (Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107-уй);
    Google Xarita бўйича аниқ манзил;
  • 750 ўринли «Универсал» спорт мажмуаси (Юнусобод тумани, Корхожиота кўчаси, 2А-уй);
    Google Xarita бўйича аниқ манзил;
  • 520 ўринли «Ёшлик» спорт мажмуаси (Шайхонтоҳур тумани, Пахтакор кўчаси, мўлжал: «Пахтакор» метро бекати).
    Google Xarita бўйича аниқ манзил.

Қайд этилишича, ушбу марказларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларга сифатли ёрдам кўрсатиш учун барча шароитлар яратилган. Саралаш ва тақсимлаш марказларида жами 3 084 та ўрин ташкил қилинган. Ушбу марказлар ўз фаолиятини бошлаганидан буён 3777 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, шундан 2688 нафари ётқизилган, 1336 нафари эса соғайиб, уйларига юборилган.

Ҳозирда «COVID-19» билан касалланган беморларни саралаш ва тақсимлаш марказларида 1 843 та бўш ўрин мавжудлиги маълум қилинди.

Шунингдек, ўзида «COVID-19» аломатларини сезган ёки бу касалликка чалинган фуқаролар ушбу масканларга тез тиббий ёрдам машинасида, оилавий поликлиника қошидаги мобил бригада ёрдамида ёки ўзлари боришлари мумкин бўлади.

«Ушбу марказларга мурожаат қилган ҳар бир беморга шифокорларимиз томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Борди-ю, касаллик енгил, аломатларсиз кечаётган бўлса, бундай беморларга керакли дори воситалари ва тавсиялар берилиб, улар уйда даволашга ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.