Ўзбекистон ҳукуматининг 4 августдаги қарори билан марказий ва оилавий поликлиникалар негизида ташкил этиладиган махсус поликлиникалар («COVID марказ») ходимларини ҳар ойлик моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга мувофиқ, COVID марказлари ходимларининг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига ҳар ой қуйидаги миқдорларда рағбатлантириш тўловлари тўланади:

  • врач ходимларга — 2,5 млн сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига — 1,5 млн сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига — 1 млн сўм;
  • бошқа ходимларга — 500 минг сўм.

Коронавирусга қарши курашиш даврида тиббиёт, санитар-эпидемилогия ва бошқа хизматлар ходимларининг лавозим маошларига 6 фоизлик устама президентнинг 19 мартдаги фармонига биноан жорий этилган эди.

Аввалроқ тез тиббий ёрдам ходимларига кучайтирилган карантин даврида кунлик тўлов ўрнига ҳар ойлик устама белгиланган эди.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 17 июлда Инқирозга қарши кураш жамғармасидан коронавирус беморларини даволаётган, шунингдек, карантин тадбирларига жалб этилган тиббиёт ва бошқа ходимларга рағбатлантириш тўловлари ҳамда 6 фоизлик устама учун 301 млрд сўм ажратилган эди.