Пандемия шароитида, жумладан, коронавирусдан вафот этганларнинг дафн маросимларини қандай ўтказиш лозимлиги юзасидан зарур маълумотлар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимов ушбу мавзуга бағишланган махсус видеомурожаатда оммавий дафн маросимлари вирус тарқалиши учун қулай фурсат эканини таъкидлар экан, ушбу маросимларида кўпчилик йиғилмаслиги кераклигини айтиб ўтди.

Шунингдек, дафнга келганлар 1 ярим метрлик ижтимоий масофани сақлашлари, тиббий ниқоб, қўлқоп тақишлари, антисептик воситалар билан қўлларини тозалаб туришлари керак бўлади. Қўл бериб кўришишни эса вақтинчалик тарк этиш керак.

«Маййит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол (маййитни ювувчи — таҳр.) ниқоб ва қўлқопда бўлиши шарт. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши лозим. Челак ва бошқа асбоблар хлос воситаси ёки бошқа воситалар билан дезинфекция қилиниши лозим. Беш-олти соат қуёш остида қуритилиши шарт», — деди Мирзамақсуд Алимов.

Агар маййит тиббиёт ходимлари томонидан махсус матолар билан ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтаи назаридан очиш мумкин эмас ва уни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди.

Жаноза намози узоғи билан 5−7 дақиқа давом этиши, унда соғлиғи заиф, ёши катталар, ёш болалар иштирок этмаслиги кераклиги таъкидланди. Шунингдек, маъракаларни фақат оила даврасида ўтказиш кераклигига ҳам тўхталиб ўтилди.

Қайд этилишича, агар тиббиёт ходимлари маййитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша ерда адо этилиши керак. «Дафн маросими одатдагидек амалга оширилади. Унда ҳам иложи борича кам одам иштирок этиши лозим. Дафндан кейин эса тезда уйга қайтиб, покланиш чораларини кўриш лозим», — деди Мусулмонлар идораси вакили.

Эслатиб ўтамиз, 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий маркази директори Анвар Алимов коронавирус ЖССТ томонидан ўта хавфли инфекциялар гуруҳига киритилгани, бундай ҳолатда мурда ҳам касалликни чақириш имкониятига эга деб белгиланишини таъкидлаган эди.

«Шу муносабат билан мурдаларни Ўзбекистонда патологоанатомик буйруқларда ювиб-тозалаб, ўраб бераётган эдик… ЖССТ берган бу тавсия биз томонимиздан ўрганилганида, икки соатдан кейин мурдада бу вирус ўзининг кучини йўқотиши маълум бўлди. Демак, биз мурда икки соат турганидан кейин уни уйига бериб юбориш, ҳозир тўғридан-тўғри олиб бориб кўмилаяпти, шу нарсага рухсат бериш мумкин, деган таклифни киритдик. Республика махсус комиссияси бу таклифни кўриб чиқиб, шу кунларда бунга рухсат берилса, ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳидан чиқарилиб, уйига бериш амалиёти жорий этилади.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Хабибулла Оқилов ҳам вируснинг фақат тирик ҳужайрада яшаши, икки соатдан кейин унинг юқтириш қобилияти ёки умуман йўқ бўлиб кетиши, ёки умуман пасайиб кетишини тасдиқлади.

«Шуни инобатга олган ҳолда икки-уч соат бюрода бўлганидан кейин, лекин барибир, ўша ернинг ўзида ювиб, кафанлаб, қариндошларига берилади-да, жанозаси, барибир, ўша — мозор бошида қилинади. Ва яна, яна, яна бир марта фуқароларимизга уқтирмоқчимизки, беш, ўн кишидан кўп бўлмаган яқин қариндошларга фақат ўша ерда иштирок этиши тавсия этилади», — деди у.