Январь-июнь ойларида Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолиси орасида ишсизлик даражаси 13,2% ни ташкил этди, дея хабар берди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги. 2019 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 9,1% ни ташкил этган эди.

Ушбу маълумотлар Меҳнат вазирлигининг Бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш республика илмий маркази томонидан мамлакатнинг 101 та шаҳар ва туманларида ўтказилган социологик сўров натижалари асосида эълон қилинди. Унда 490 фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 4900 та уй хўжаликлари ва 25,9 минг фуқаро қамраб олинган.

«СOVID-19 пандемияси даврида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган карантин чора-тадбирлари меҳнат бозорига сезиларли даражада таъсир кўрсатди», — дейилади хабарда.

Ишга муҳтож бўлганлар сони 1,94 млн кишини ташкил этди. 16−30 ёшдаги ишсизлик даражаси 20,1 фоизга, аёллар орасида 17,4 фоизга етди.

Дастлабки маълумотларга кўра, меҳнат ресурслари сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 0,6 фоизга кўпайди ва 19 млн кишини ташкил этди. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига COVID-19 нинг салбий таъсири сабабли иш билан банд бўлганлар сони 5 фоизга камайиб, 12,7 млн кишига етди.

Иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,2 фоизга ёки 12,4 минг кишига камайган ҳолда 5,5 миллион кишини ташкил этди.

Якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 167,5 минг кишига (46,4%) камайди. Бу ҳолат коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чекловчи чоралар натижасида юзага келди, деб таъкидлади Меҳнат вазирлиги. Шу билан бирга, 131,2 минг киши пуллик жамоат ишларига жалб қилинганлиги сабабли расмий секторда ишчилар сонининг кескин камайишига йўл қўйилмади, дея қўшимча қилди вазирлик.

Чет элга ишлашга кетган фуқаролар сони 2 миллион кишини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 553,2 минг кишига ва 2020 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 232 минг кишига кам.

Иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар сони (чет элда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан ташқари) 2019 йил охирига нисбатан 2,1% га ёки 105,3 минг кишига камайди ва 5,1 миллион кишини ташкил этди. Бу бир марталик ва мавсумий ишларда вақтинча иш билан банд бўлганлар сонининг камайиши (108,4 минг кишига), оилавий корхоналарда ва ишбилармонлар ўртасида меҳнат муносабатларини расмийлаштирмасдан (87,4 минг кишига), шунингдек рўйхатдан ўтмасдан ишлаётган тадбиркорлар сонининг қисқариши (110,6 минг киши) ҳисобига юз берди, изоҳлади Меҳнат вазирлиги.

Карантин чора-тадбирлари даврида уйда ўтирган фуқаролар сони ошганлиги ҳамда фуқароларнинг шахсий томорқаларни ривожлантириш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан субсидиялар бериш дастури ҳажми кескин ортганлиги учун деҳқон ва шахсий томорқаларда банд бўлганлар сони 201,1 мингга ортди.

«Тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши норасмий секторда бандлар улушини камайтириш имкониятини бермоқда», — дейилади хабарда.

Биринчи ярим йилликда иқтисодий ночор аҳоли сони 4,5 фоизга ўсди. Тадқиқот давомида карантин даврида вақтинчалик ўз фаолиятларини тўхтатиб туришларини ва чекловлардан сўнг қайта тиклаш ниятини билдириб, бошқа фаолият билан шуғулланмасликни афзал кўраётганлиги сабабли ошганлигини кўрсатди, дея қайд этди вазирлик.

Январь-июнь ойларида, айниқса, COVID-19 пандемиясининг меҳнат бозорига салбий таъсирини юмшатиш учун, меҳнат органлари 588,2 минг ишсиз ва ишсиз фуқароларга (шулардан 159,9 минг нафари 30 ёшдан ошмаган, шунингдек, 229,4 минг нафари аёллар) иш билан таъминлаш хизматларини кўрсатдилар.

Хусусан, доимий иш жойларига ишга жойлашиш ва пуллик жамоат ишларига жалб қилиш ҳисобига 501,1 минг киши иш билан таъминланди. 15 минг ишсиз касбий таълимга юборилди, 27,1 минг ишсизга 10,1 млрд сўм миқдорида ишсизлик нафақалари тўланди.