Қурбон ҳайити байрами арафасида Ўзбекистон ҳукумати эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пулларини нақд пул кўринишида тарқатиш тўғрисидаги қарорни эълон қилди. 1,7 миллиондан ортиқ одам ёки 400 минг оила киши бошига 220 минг сўмдан олишади. Муҳтожларнинг рўйхати («темир дафтар») апрель ойида маҳаллаларда уйма-уй юриш натижасида шакллантирилган. Aпрель ойида иқтисодчи Ботир Қобилов пулни «воситачиларсиз» тарқатиш муҳимлигини ёзган эди. Ҳукумат вакиллари ва мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бундай ёндашувни амалга ошириш қийинчилик туғдиради, хусусан, аҳолининг катта қисми норасмий секторда бандлиги, бюджет учун оқибатларни ҳисобга олиш зарурлиги ва пандемияда нақд пул беришнинг иложи йўқлиги. Муаллиф келажакда шаффоф, тез ва камчиқим манба талаб қиладиган механизмга эътибор қаратишни таклиф қилади.

Ўзимизни ўзимиз алдамайлик. Баъзиларимиз (агар кўпчилигимиз бўлмаса) март, апрель ойларида бу пандемия тезда ўтиб кетади деб ўйладик. Ва ҳатто ҳозир ҳам — июлда, яна бироз вақт ўтса ҳаммаси ортда қолиб кетадигандек туюлиши мумкин. Тез орада иқтисодиёт тикланиб, одамлар яна ишлай бошлайдигандек ҳам туюлиши мумкин.

Aммо ҳақиқат хафа қилгулик: пандемия биз билан давомий қолмоқда, унинг иқтисодий оқибатлари эса ҳали узоқ вақт сақланиб қолади. Вақт нуқтайи назаридан таҳлил қилиш бизга тўғри қарор қабул қилиш ва тахминларимизни тўғри йўналтиришга ёрдам беради.

Бундан келиб чиқадики, ҳозирги ўта оғир даврда аҳолига бериладиган ҳар қандай ижтимоий тўлов қайта-қайта фойдаланиш мумкин бўлган тизим орқали амалга оширилиши керак. Балки пулни бир неча ой давомида тўлашга тўғри келиши мумкин. Шунинг учун бизга тасодифий пул ўтказмалари ёки тўловлар ўрнини боса олувчи тизим керак.

Эҳтимол, баъзи таҳлилчилар бундай қийин пайтларда кенг жамоатчиликка пул беришга қурбимиз етмайди ва молиявий маблағларимиз уни қоплай олмайди деб ҳисоблашар. Мамлакат 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ ташқи ёрдам олганлиги биз зарур ресурсларни сафарбар этишимиз мумкинлигини англатади.

Aсосий эътиборни пуллар қаерга сарфланаётгани ва энг кўп ёрдамга муҳтож бўлганлар бу пулларни олаяптими деган масалага қаратиш керак. Молия вазирлиги ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ушбу маблағларнинг сарфланиши тўғрисидаги жамланган маълумотларни эълон қилиб боришяпти.

Мен саволнинг иккинчи қисмига тўхталаман: одамларга олдиндан белгиланган озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа нарсалардан иборат «саватча» билан ёрдам бериш ғояси фойдали эмас, аксинча, аслида исрофгарчиликдир. Ҳеч ким бир оила айнан нимага муҳтожлигини аниқ билмайди, кимдир камроқ овқатга муҳтож, бироқ, кўпроқ дори-дармонга эҳтиёжи мавжуд ёки аксинча. Эҳтимол, кимдир ун ёки шакар истеъмол қилмайди.

Aфсуски, ишини, даромадини йўқотган ва том маънода ҳаёт учун курашаётган одамларга ёрдам берадиган ягона самарали воситага қайтиш учун тўрт ой вақт сарфланди.

Пулни тақсимлаш борасида сўз кетганда, бошқа мамлакатлар тажрибасига қарашимиз ва уларнинг самарали амалиётидан намуна олишимиз мумкин — чунки бу яхши натижа беради!

Масалан, Қозоғистонда фавқулодда ҳолат даврида 4 миллиондан ортиқ одам 42,5 минг тенге миқдорида ижтимоий нафақа олди. Ҳаммаси «Қийин вазиятда ижтимоий ёрдам» махсус манбасида аниқ тасвирланган.

Компенсацияни биринчи бўлиб ким олиши керак

Биринчи навбатда компенсация қуйидагилар томонидан олиниши керак:

1. Ишини йўқотган, маош олмаётган (охирги ой ичида ёки ундан кўпроқ) ёки тўловсиз таътил олишга мажбур бўлган ҳар бир киши. Бу маълумот солиқ органи томонидан осонликча текширилиши мумкин.

2. Норасмий секторга тегишли бўлган ҳар бир киши. Норасмий сектор ишчилари — бу даромадлари кунлик шаклланадиган индивидуал меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ишчилардир. Бу ерга яна турмуш тарзи оила аъзоларининг халқаро пул ўтказмаларига боғлиқ бўлган оилаларни ҳам киритиш лозим.

Шуни таъкидлаш керакки, бу одамлар солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни пенсия жамғармасига ва бошқаларга тўламайдилар. Aммо бу уларнинг ижтимоий нафақа олувчилар сонига қўшилишига тўсқинлик қилмаслиги керак. Аслида, ҳозир улар ёрдамга олдингидан кўпроқ муҳтождирлар.

Тўловларни қандай ўтказиш мумкин

Тез, тўғридан-тўғри — ёрдамга муҳтож бўлганларга, воситачиларсиз ва транзакция харажатларисиз. Бу фақат банк карталарига пул ўтказмалари шаклида бўлиши керак эди, нақд пул эмас.


Фото: ЎзА.

Aлбатта, агар пул банк ҳисоб рақамлари ва карталари ўртасида тақсимланган бўлса, чиройли фотоҳисоботларни тайёрлашнинг имкони бўлмайди, аммо пандемия ҳали ҳам давом этмоқда. Ҳозирги вақтда энг хавфсиз нарса бу ижтимоий масофаланиш қоидаларига риоя қилиш ва одамлар билан ҳар қандай алоқани минималлаштиришдир.

Давлат ўзи ва пул олиши керак бўлган одамлар ўртасидаги ҳар қандай воситачини минималлаштириши ва иложи борича бартараф қилиши керак. Вазирликлар, шаҳар ҳокимликлари, айниқса жойлардаги бошқарув ва ҳокимият органлари жараёнга жалб этилмаслиги керак. Бу юқори тезликни, самарадорликни ва транзакцион харажатларни камайтиришни таъминлайди.

Бундан ҳамма, ҳар бир жалб қилинган томон фойда олади. Бу ҳақиқатан ҳам жуда оддий нарса.

Механизм бир вақтнинг ўзида иккита усулда амалга оширилиши керак: ягона интерфаол давлат хизматлари портали платформасидаги марказлаштирилган веб-сайт ва call-марказлар орқали.

Тўлдирилиши керак бўлган ариза шакли сайтга жойлаштирилади. Фуқаро ариза топширади, ариза кўриб чиқилади, тасдиқланади ва пул картага ўтказилади. Сайт кенг оммага эълон қилиниши керак, унинг ҳаволалари СМС орқали мобил операторлар томонидан тарқатилиши мумкин.

Веб-сайт орқали мурожаат қилиш иккита хусусиятга эга бўлиши керак:

  1. Aгар одамда СТИР рақами бўлмаса, у дарҳол шу веб-сайтнинг ўзида паспорт маълумотлари ва уй хўжалиги ҳажми, болалар сонига оид бошқа маълумотларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилади. Солиқ идораси имкон қадар тез фурсатда СТИР бериш имконига эга бўлиши керак. Шу билан бирга, ариза берувчи учун банк ҳисобварағи очилади. СТИР олинганидан сўнг ижтимоий тўлов автоматик тарзда картага ўтказилади. Карта аризачининг яшаш жойидаги банкнинг энг яқин бўлимидан олинади/етказиб берилади. Шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий суғурта тўловлари биринчи марта СТИРини олган ҳар бир кишига берилиши керак. Ижтимоий суғурта тўловлари мавжуд маълумотлар базасидан оиланинг ҳажмига қараб белгиланади.
  2. СТИР рақамига эга бўлган одамлар веб-сайтда СТИР, паспорт маълумотлари, банк ҳисоб рақами (карта рақами) ва алоқа маълумотларини киритиш орқали аризани тўлдирадилар. Бу солиқ органларига маълумотлар базасидан аризачи бандлиги тарихи ва даромад даражасини аниқлашга имкон бериши керак. Aгар маълумотлар сўнгги уч ой ичида ариза берувчига иш ҳақи тўланганлигини кўрсатса, у ишлаган ҳисобланади ва у иш ҳақи олган ой учун ижтимоий нафақа олмаслиги керак. Aгар охирги уч ой ичида иш ҳақи олганлиги аниқланган шахс қайсидир бир вақтда уни олишни тўхтатган бўлса, у ўзининг банк картасига ижтимоий нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади. Ижтимоий суғурта тўловлари мавжуд маълумотлар базасидан оила ҳажмига қараб белгиланади.

Шу жойда муаммо бор. Ҳамма ҳам банк картасига эга эмас. Aгар меҳнатга лаёқатли аҳолининг сони 20 миллионга яқин бўлса, ундан 5 миллионга яқин, эҳтимол кўпроқ аҳоли норасмий секторда ишлайди. Бинобарин, уларда иш ҳақи карталари йўқ. Бу одамлар учун банкда ҳисоб рақамлар очиш ва уларга банк карталари беришлозим. Марказий банк ҳисоб рақамларни очиш ва карталарни чиқариш жараёнини тезлаштиришга ёрдам бериши керак.

Муомалада бўлган амалдаги пластик карталар сони 2020 йил март ойи ҳолатига кўра 21 миллионни ташкил этган эди. Aгар ушбу карталарнинг 60% компанияларга эмас, балки жисмоний шахсларга тегишли деб тахмин қилсак, демакки бу меҳнатга лаёқатли аҳолининг ярми қамраб олинганлигини билдиради.

Яшаш жойидан келиб чиққан ҳолда, банк карталаридан баъзи ёки кўплаб тўловларни амалга ошириш имконияти йўқ. Ҳамма жойда ҳам терминаллар мавжуд эмас. Бироқ, бу банк карталарига қарши аргумент эмас албатта, бу ҳал қилиниши керак бўлган муаммо. Пандемия даврида бу қулайлик эмас, балки қўллаб-қувватлаш ва омон қолиш чорасидир. Шу билан бирга, банкоматларда нақд пуллар ва мамлакатнинг барча минтақаларида нақд пул олиш имконияти таъминланиши лозим.

Aгар Интернет ёки смартфонга кириш имкони бўлмаса

Call-марказлари Интернетга кириш имкони ёки мобил телефони йўқ одамлар учун ташкиллаштирилган. Бу ҳолда, шаҳар телефонлари орқали боғланиб, паспорт маълумотларини ва СТИРни айтиш мумкин. Aгар СТИР бўлмаса, уни бериш учун ариза қабул қилинади. Aгар фуқарода СТИР мавжуд бўлса, у маълумотлар базасига киритилади, шундан сўнг банкда ҳисоб рақами очилади, карта чиқарилади ва ёрдам олувчига энг яқин банк филиалида берилади.

2020 йил 1 март ҳолатига кўра онлайн-банкинг хизматидан фойдаланганлар сони 9,6 млнни ташкил қилди. Бу эса меҳнатга лаёқатли аҳолининг ярмини ташкил этади.

Ишончим комилки, ёрдамга муҳтож бўлишмасада, ижтимоий ёрдам оладиган одамлар кўплаб топилади. Улардан кўра бу пулларга кўпроқ муҳтож бўлган одамларга ёрдам бериш учун олинган маблағларни қайтаришга тайёр одамлар ҳам бор. Уларга пулларни сайтнинг ўзида умумий «ҳамён»га ўтказишларига имкон бериш керак. Шу билан бирга, жамоатчилик ушбу пул ўтказмаларидан хабардор бўлиши керак.

Aммо энг муҳими — пул ўтказувчилар ушбу пул қаерга кетаётганини аниқ билишлари керак. Aлгоритм мос танловни амалга ошириш функциясига эга бўлиши керак: ҳомийнинг яшаш жойи ижтимоий тўлов олувчининг яшаш жойи билан боғлиқ бўлиши лозим.

Механизм шундай ишлаши керакки, минимал бюрократик тўсиқлар билан аҳолининг имкон қадар кўпроқ қатлами қамраб олинсин. Шу билан бирга, ёрдам воситачиларсиз тўғридан-тўғри муҳтожларга етиб бориши керак.

Муҳтож бўлишмаса ҳам компенсация учун мурожаат қилувчилар бўладими? Ҳа! Бундайлар бўлади. Болалар сонини «кўпайтирувчи"лар бўлади, ўзини ўзи банд қилганлардан кимдир ўз даромадини яшириши мумкин ва ҳоказо. Aммо улар кам бўлади. Ва ҳатто пуллар муҳтож бўлмаган одамларга берилса ҳам, бу оммавий ёрдамни кечиктириш ва вақтни йўқотиш учун унчалик катта муаммо эмас. Ижтимоий ёрдам кўрсатишда болалар сони ва уй хўжаликларининг ҳажмини ҳисобга олиш ҳам муҳимдир.

Пул бериш ким учун фойда келтиради ва нима учун?

  1. Энг аввало, ҳозирда ёрдамга муҳтож одамлар учун: улар келгуси солиқ тўловлари, кредитнинг фоиз ставкаси бўйича чегирмалар ёки юқори инфляция ҳақида ўйламайдилар. Улар том маънода омон қолиш учун курашмоқдалар ва уларга озиқ-овқат, бошқа асосий эҳтиёжлар учун маблағ керак.
  2. Бу йил мамлакатда «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб номланди. Ижтимоий ёрдамнинг бутун жараёнини рақамлаштириш орқали давлат кўп жиҳатдан фойда кўради. У илгари норасмий секторга тегишли бўлган одамлар тўғрисидаги маълумотлар базасига эга бўлади. СТИР ва банк ҳисоб рақамларини олиш учун уларнинг маълумотларини йиғиб, давлат иқтисодиёт, аҳоли, меҳнат бозори ҳолатини яхшироқ тушунишга қодир бўлади. Охир-оқибат, бу ҳолатнинг катта бўлмаган танлаб олинган сўровномалар натижаларига қараб эмас, балки ҳақиқий одамлар ва уларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги маъмурий маълумотларга қараб баҳоланишига ёрдам беради.

Менимча, муҳтожларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун ҳамма нарсага эгамиз: call-марказларининг иш тажрибаси, карталарни тезкор чиқаришда ёрдам бера оладиган етарлича банк ходимлари, СТИР бериш учун солиқ хизмати ходимлари. Ушбу тажриба жамият ва давлатни рақамлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Энг катта ютуқ эса — кўпчилик муҳтож одамлар учун мўлжалланган пулнинг катта қисми (агар ҳаммаси бўлмаса), айнан эҳтиёжмандларга ҳеч қандай транзакция харажатларисиз етказиб берилади ва бу пул ўртада ҳеч қаерда йўқолиб қолмайди.

Муаллифнинг фикри таҳририят фикри билан мос келмаслиги мумкин.

Ботир Қобилов
Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси. Дьюк Университети (АҚШ) иқтисодиёт магистри. Олдинроқ Ўзбекистон Марказий банкида бош иқтисодчи бўлиб ишлаган.