Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга мувофиқ, аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Гап Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мутасадди идоралар томонидан шакллантирилган моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилалар ҳақида кетмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкка бир марталик моддий ёрдам пулларини моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхатларига киритилган оилаларга 15 августга қадар етказилишини таъминлаш топширилди.

«Темир дафтар» рўйхатига киритилган оилаларга ажратиладиган молиявий ёрдам миқдори 380 млрд сўмни ташкил этади. Молия вазирлигидан «Газета.uz»га аниқлик киритишларича, ҳар бир оила аъзосига ўртача 220 минг сўмдан тўғри келади.

«Ҳар бир оила аъзосига 220 минг сўмдан. Агарда оилада икки киши бўлса, 440 минг сўм, уч киши бўлса — 660 минг сўм ваҳоказо. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, 400 минг оилани қамраб оламиз», — деди вазирлик вакили.

Бундан ташқари, Қурбон ҳайити байрами муносабати билан 150 мингта оилани қўллаб-қувватлашга «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 150 млрд сўм (ҳар бир оилага 1 млн сўмдан) йўналтирилади.

Президент халқ қабулхонасига Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир марталик тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ шаклда етказилиши устидан назорат ўрнатиш топширилди.

Бундан ташқари, аввал хабар қилинганидек, ушбу ҳужжат билан 1 сентябрдан пенсия ва нафақалар миқдори оширилмоқда.