Коронавирус пандемияси билан боғлиқ муқаррар чекловлардан нафақат кам таъминланган оилалар, балки жуда кўпчилик азият чекмоқда. Бутун бошли соҳалар музлатилган ҳолатда. Одамлар яшаб қолишлари, иш жойларини йўқотмасликлари учун давлат уларни имкон қадар тезроқ молиявий қўллаб-қувватлаши керак. Одамларни қўллаб-қувватлаш орқали давлат иқтисодиётга ёрдам беради, деб ёзади иқтисодчи Ботир Қобилов.

Мазкур мақоланинг асосий хабарлари:

  1. Айни пайтда биз қилишимиз керак бўлган энг яхши иш, бу ҳаттоки иқтисодиётнинг вақтинчалик тўхтаб қолишини англатса ҳам, карантин ва ўз-ўзини изоляциялаш чораларига қатъий риоя этишдан иборатдир, чунки ҳозирги вақтда фақат шундай қилибгина коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мумкин. Энг аввало, бор диққат-эътиборимизни вирусга қарши «уруш»да ғалаба қозонишга қаратишимиз керак. Ушбу босқичда бу нафақат ҳаётни сақлаб қолади, балки иқтисодиётга ёрдам беришнинг ҳам энг яхши усули ҳисобланади.
  2. Инфекция тарқалиши эҳтимоли ҳали юқори бўлиб турган вақтда қатъий карантиндан воз кечиш вирус тарқалиш хавфини бартараф этиш учун карантин чораларига амал қилишдан кўра кўпроқ иқтисодий зарарларга олиб келади.
  3. Давлат карантин пайтида барча фуқароларга йўқотилган иш ҳақи, шунингдек, озиқ-овқат, уй-жой ва маълумот учун етарлича компенсация олишда ёрдам бериши керак. Бу давлат секторидаги барча ойлик иш ҳақларини сақлаш туриш ҳамда хусусий сектор ва яширин иқтисодиётда ҳам ишчиларга йўқотилган даромадлар учун компенсация тўлашни назарда тутади. Одамларнинг ўз иш жойларини сақлаб қолишлари фавқулодда муҳим. Бунда тезкор ҳаракатланиш ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Инсон ҳаётини сақлаб қолиш — иқтисодиётга ёрдам беришни англатади

Баъзи давлатлар коронавирус пандемиясига қандай муносабатда бўлганларини кузатиб, шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳукумати тез ва самарали равишда биринчи жавобни беришга, устувор вазифаларни белгилашга ҳамда карантин режимини жорий этишга муваффақ бўлди — айниқса биринчи коронавирус ҳолати аниқлангандан кейин. Айни вақтда, бошқа давлатлар, шу жумладан ривожланган давлатлар, муаммони тан олишни икки ой кутди ва ҳанузгача жамоат жойларида ниқоб тақишни мажбурий қилиб қўя олмадилар.

Қатъий карантин режими ҳамда жисмоний масофа сақлаш ва ўз-ўзини изоляция қилиш амалиётини оқлайдиган ушбу «эгри инфекция» чизиғининг тўғриланиш жадвалига кўпчилигимизнинг кўзимиз тушгандир. Бу ерда ҳам асосий мақсад уни юмшатиш ва иқтисодий зарарни чеклашдан иборатдир.

1-расм. Эгри пандемиянинг тўғриланиши. Жадвалдаги қизил ранг соғлиқни сақлаш чоралари кўрилмаганда, кўк — чоралар кўрилганда касалланиш ҳолатларини, пунктир — соғлиқни сақлаш тизими имкониятларини ифодалайди.

2-расм. Рецессия эгрилигининг тўғриланиши. Кўк рангда макроиқтисодий чоралар кўрилган, қизил рангда эса макроиқтисодий чоралар кўрилмаган шароитда «рецессия жиддийлиги» соҳаси ва эгрилиги кўрсатилган. Манба: Иқтисодиёт профессори П. О. Гуринчас тадқиқоти.

Ҳозирги вазиятда нима қилиш керак?

1. Давлат барча ишчиларнинг ўз иш жойларини сақлаб қолишлари, улар иш турига кўра масофадан ишлаётгани ёки мутлақо ишламаётганидан қатъи назар, ойлик иш ҳақларини олишда давом этишларини таъминлаши лозим. Ишчилар ва уларнинг оилалари овқатланиш ҳамда бошқа асосий эҳтиёжларини қондиришлари лозим. Ишдан бўшатилиш ёки ягона даромад манбаидан маҳрум бўлиш қандайдир молиявий ёрдамсиз жуда оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

2. Давлат кўпгина корхоналар — барча кичик ва ўрта корхоналарга банкротга учрамасдан яшаб қолишлари учун ёрдам бериши керак. Ёрдам ижара тўловларини тўлашни музлатиш ёки корхоналар учун ижара тўловларини қоплаб бериш, агар мулк шаҳар ҳокимиятига ёки давлатга тегишли бўлмаса, коммунал хизматлар, кредитлар бўйича фоизларни тўлаш ва энг муҳими, ўз ходимларига иш ҳақини тўлаш учун тўғридан-тўғри нақд пул кўринишидаги кўмак шаклида бўлиши мумкин. Кейинчалик, ушбу икки йўналишдаги ишларни батафсил кўриб чиқамиз.

Иқтисодий нуқтаи назаридан карантин ҳамда жисмоний масофаланиш ва ўз-ўзини изоляциялаш қанча керак бўлса шунча давом этиши керак.

Аввало, кечаги, бугунги ва эртанги ҳаракатларимиз айнан қачон инфекция хавфи минимал даражага тушиши ҳамда вируснинг «йўқолишини» белгилаб беради. Карантин чораларини бекор қилиш ҳамда одамлар қачон одатий иш ва ҳаётга қайтишни бошлаши тўғрисидаги қарор қатъий маълумотлар ва фактларга асосланиши керак.

Етакчи иқтисодчилар нимани ўйлашмоқда? Чикаго университети мунтазам равишда дунёнинг етакчи иқтисод профессорлари орасида муҳим мавзулар бўйича ўз фикрларини билиш учун сўровлар ўтказиб туради. Яқинда ўтказилган сўровда респондентлар иккита тезис бўйича ўз фикрларини билдирдилар:

1. Коронавирусга комплекс реакция инфекция тарқалиши сезиларли даражада камаймагунча иқтисодий фаолликнинг кескин секинлашувига чидамлиликни ҳам ўз ичига олади.

2. Инфекцияни юқтириш эҳтимоли юқори бўлган бир пайтда қатъий карантиндан воз кечиш, тарқалиш хавфини йўқ қилиш учун карантинни давом эттиришга қараганда кўпроқ умумий иқтисодий зарарга олиб келади.

3 ва 4-расмлар. АҚШдаги етакчи университетларнинг 40 дан ортиқ иқтисодчилари томонидан 1 ва 2-тезислар бўйича билдирилган фикрларнинг фоизли тақсимланиши (Вариантлар: «тўла қўшиламан», «розиман», «қарор қилмадим», «қўшилмайман», «умуман рози эмасман».)

40 дан ортиқ иқтисодчиларнинг ҳеч бири бу икки тезисга қарши чиқмади ва ҳар бир иқтисодчининг исмлари, жавоблари ва шарҳларини кўришингиз мумкин. Таъкидламоқчиманки, ушбу мавзу бўйича иқтисодчиларнинг консенсуси ноёбдир, чунки бошқа мавзуларда иқтисодчиларнинг консенсусига эришишлари одатда қийин.

Одатий рецессиялар, масалан, биз 2008 йилда кўрган инқироздан фарқли равишда, бугун давлатнинг асосий жавобгарлиги иқтисодий фаоллигини тўғридан-тўғри рағбатлантириш ва йўқотилган даромадлар ўрнини тўлдиришдан иборат эмас. Пандемия пайтида ва ундан кейинги иқтисодий инқироз, биринчи навбатда ялпи талабнинг пасайиши туфайли эмас, балки умумий таклифнинг атайлаб пасайтирилиши натижасида рўй беради.

Бошқача қилиб айтганча, пандемия вақтида иқтисодиёт сунъий кома фазасига ўтади, «бемор»га соғайиш учун вақт бериш мақсадида «мия»нинг айрим вазифалари онгли равишда ўчирилади. Бу ҳолатда «бемор» — халқ, «мия» эса — иқтисодиётдир.

Карантин тадбирларининг иқтисодий оқибатлари қандай?

Аҳолининг катта қисми даромад манбаларини йўқотади (агар йўқотиб улгурмаган бўлса), ишсизлик даражаси сезиларли даражада ошади. Одамларда етарли даражада жамғармаси йўқлиги сабабли, биринчи ва асосий савол, бу — давлат ёрдамисиз қандай қилиб омон қолиш мумкинлиги бўлади. Кўплаб кичик корхоналар ва ҳатто баъзи саноат тармоқлари давлат ёрдамисиз йўқ бўлиб кетади.

Буларнинг барчаси давлат ёрдами, менимча, иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда иш жойларини сақлаб қолиш, давлат секторидан ташқарида ишлаётганларга йўқотилган даромадлар ўрнини дарҳол қоплаш механизми ва яширин сектор ишчиларига нақд ёрдам бериш шаклида бўлиши керак.

Макроиқтисодий нуқтаи назардан, кўплаб қашшоқ уй хўжаликлари учун ҳаётан муҳим даромад манбаи бўлган халқаро пул ўтказмалари кўринишидаги капитал миқдори 2020 йилда 50 фоизга камайишини кутиш мумкин; туризм соҳаси бутунлай тўхтади; халқаро капитал бозорларида янги қарз олиш қийинлашмоқда; экспорт тушуми камаяди; валюта қадрсизланмоқда ва биз сўнгги пайтда кўп миқдорда олганимиз доллардаги қарзларга хизмат кўрсатиш қимматга тушади.

Шубҳа йўқки, ушбу инқироз даврида жуда катта эҳтиёж сезиладиган сармоялар АҚШ Ғазначилик облигациялари каби нисбатан хавфсиз бозорларга «юрмоқда». Бундан ташқари, пул ўтказмалари манбалари — меҳнат муҳожирларимизнинг маълум қисми мамлакатга қайтди ва бу орқали меҳнат бозорида қўшимча босим пайдо бўлди. Олтин ва озиқ-овқат экспортига талаб юқори даражада қолиши керак. Олтин хавфсиз бошпана бўлиб, инқироз даврида унинг нархи кўтарилиш тенденциясига эга.

Давлатнинг молиявий ёрдам дастури ҳажми бир неча миллиард доллардан ошиши мумкин. Энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизига тенг миқдордаги маблағ фақатгина одамларга йўқолган иш ҳақи ўрнини қоплаш ҳамда бизнес «музлаши» учун етарлича маблағ билан таъминланишга сарфланадиган бўлса, мен бундан ажабланмайман.

Ким биринчи бўлиб зарар кўради ва нима қилиш керак?

Қисқа қилиб айтсак: аксарият аҳоли зарар кўради.

Мен аллақачон пандемия ва карантин оқибатларидан азоб чекаётган ёки яқинда азият чекишни бошлайдиган одамларнинг касблари ёхуд гуруҳларини ажратиб кўрсатишни истамас эдим. Бутун бошли тармоқлар: туризм, дам олиш, транспорт, хизмат кўрсатиш музлатилган ҳолатда. Такси ҳайдовчилари, официантлар, фаррошлар ва масофадан меҳнат қила олмайдиган бошқа барча ишчилар ўзларининг ягона ва кунлик даромад манбаларидан маҳрум бўлиб, шунчаки уйда қолдилар. Нафақат кам таъминланган оилалар, балки жуда кўпчилик азият чекмоқда.

Яхшиямки, кўпчилик вазиятнинг жиддийлигини тушуниб, хайрия, ҳомийлик ва волонтёрлик орқали вазиятни ўнглашга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бироқ, агар киши даромаднинг ягона манбасини йўқотган ёки тез орада йўқотиши аниқ бўлса ва карантин чоралари бекор қилинганидан кейин ойлик олгунга қадар яшаши учун жамғармаси етарли бўлмаса, нима қилиши керак?

Бу — биз тезроқ ечимини топишимиз ва ҳаракатни бошлашимиз керак бўлган энг муҳим масалалардандир. Одамлар ҳозирнинг ўзида ёки пуллари тугагандан кейин ҳам ўзлари ва оилаларини боқиши, яшаб қолиши керак. Келажакдаги солиқ имтиёзлари, мажбурий тўловлардан озод қилиш ёки маънавий кўмак уларга бугун ҳеч қандай ёрдам бермайди. Уларга пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бирламчи эҳтиёж товарлари лозим.

«Газета.uz» 2 апрель куни Telegram фойдаланувчилари ўртасида аноним сўровнома ўтказиб, «Ойлик даромадсиз қолсангиз, жамғармангиз қанча вақтга етади?» деб сўраган эди.

44 фоиз респондент жамғармаларининг 1 ойдан кам вақтга етишини маълум қилган бўлса, 37 фоиз респондент ҳеч қандай жамғармага эга эмаслигини кўрсатди. Шундай қилиб, 92 фоиз респондентлар икки ойдан ортиқ вақтга етадиган жамғармага эга эмаслигини белгилади. Гарчи сўровномада 334 мингдан ортиқ киши қатнашган бўлса ҳам, у репрезентатив ҳисобланмайди, бироқ респондентларнинг ўз жамғармаларини бундай баҳолашлари жиддий хавотирларни уйғотади.

Ҳозир нима учун одамларнинг жамғармалари етмаслиги ҳақида ўйлашнинг вақти эмас — кам ойлик, яшаш нархларининг қимматлиги, аҳоли молиявий саводхонлиги даражасининг пастлиги ёки бошқа сабабдан бўлиши мумкин. Афтидан, аҳолининг катта гуруҳларига молиявий ёрдам берилмаса бўлмайди. Зеро мамлакатдаги 60 фоизга яқин иқтисодий фаол ишчи гуруҳлари яширин иқтисодда банд бўлган ва аҳолининг катта қисми ижтимоий суғуртага эга эмас.

Барчага, шу жумладан яширин иқтисодда ишлаётганларга ҳам нақд пул тарқатиш — оддий ечим. Нима учун барчага пул тарқатилиши керак? Чунки қўллаб-қувватлаш чораларини муҳокама қилиш, ўйлаб топиш, ишлаб чиқиш ва маблағларни мақсадли тарқатишга вақт йўқ.

Кичик бизнес

Мамлакатимизда кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни беқиёс. 2018 йил ҳолатига кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг Ўзбекистон ЯИМдаги улуши 59 фоизни, унда банд бўлган аҳоли улуши эса 76 фоиз ёки 10 млн кишидан кўпроқни ташкил этди.

Ҳозирда кўплаб корхоналар иш ҳақи ва бошқа харажатларини қоплаш учун етарли ликвидликка эга эмас, мавжуд ликвидлик фақатгина ушбу пандемияда яшаб қолишга кифоя қилади холос. Ўзбекистон бўйича бундай маълумотлар мавжуд эмас, бироқ бир мисол келтиришга рухсат берсангиз: АҚШда кичик корхоналарнинг ярми қандайдир даромадлардан маҳрум бўлиб қолган тақдирда 27 кунга қадар муддатга бизнесни қўллаб-қувватлаш учун пулли захира манбасига эга. Чорак қисм кичик корхоналар камида 13 буфер куни, ресторанлар эса ўртача 16 буфер кунига захираларни сақлайди.

5-расм. Кичик бизнес барча даромадлардан маҳрум бўлган тақдирда ўзини-ўзи қўллаб-қувватлай олиши мумкин бўлган буфер кунлари сони. Манба: JPMorgan Chase институти, 2015.

Ўзбекистонда бу кунларнинг бирмунча қисқа эканини тахмин қилиш мумкин. Шу боисдан айниқда ҳозирги инқироз шароитида бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ишчилар ойлик олишда давом этишини таъминлаш ўта муҳим.

Агарда тезлик билан ҳаракат қилинмаса, рецессия иқтисодиётнинг мавжуд бўлишини таъминлаб турган мураккаб иқтисодий алоқаларнинг пароканда бўлишига олиб келиши мумкин ва қайта тиклаш кўп вақтни олади. Масалан, корхоналар ва ҳатто бутун бошли тармоқларнинг нобуд бўлиши узоқ муддатли харажатларга олиб келади: тадбиркорлар, ишчилар ва мижозлар ўртасидаги муносабатлар бузилади ва улар кўпинча нолдан тикланиши керак бўлади, бу эса иқтисодиёт учун қимматга тушади.

Ишчилар уйда бўлиб, корхоналар фаолияти тўхтатилган бир пайтда, барчасини музлатиш, ишчиларнинг ойлик олишларига, корхоналарга эса ҳаёт изига тушганидан кейин иқтисодиётга тезда «қўшилиб олиш"лари учун яшаб қолиш ҳамда ўз жамоаси ва мижозлари ишончини сақлаб туришларига имкон бериш зарур.

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми, турли хил маълумотларга кўра, ЯИМга нисбатан 40 фоиздан 50 фоизгачани ташкил этади. Булар жуда катта рақамлар бўлиб, давлат одамларнинг йўқотилган даромадларини нақд пулда, карточкаларга ўтказиш, ҳатто номукаммал бўлса ҳам, ҳар қандай механизм билан компенсация қилиш имкониятини кўриб чиқиши керак.

Давла «сўнгги тўловчи» сифатида

Аҳоли қўлида етарлича пул бўлиб, пандемия вақтида яшаб қолиши, ўз ишини сақлаб туриши, одамлар ишга қайта олишлари, кичик корхоналарни батамом ёпилиб кетишдан сақлаб қолиш учун давлат «сўнгги тўловчи» вазифасини ўз зиммасига олиши керак. Амалиётда бу зудлик билан нақд пулларни ишчилар ва корхоналарга бериш кераклигини англатади.

Бу аҳмоқона ғоя эмас, балки амалга ошириш мумкин бўлган ва мантиқий чора. Қўшни Қозоғистонда ҳукумат 42,5 минг тенге (тахминан 100 доллар) миқдорида ижтимоий тўлов шаклидаги ёрдамни ажратмоқда. Буюк Британия ҳар бир ишчига иш ҳақининг 80 фоизини сақлаб қолмоқда. Бу ойига 2500 фунт стерлинггача демакдир.

Имтиёзли шартлар ва фоиз ставкалари пасайтирилган кредитлар корхоналар ва ишчиларга жорий даврдаги йўқотишларни қопламайди; кредитлар шунчаки узоқ вақт давомида харажатларни камайтиришга имкон беради холос. Модомики ҳозир бизнес ишламаётгани сабабли пул тушумларидан маҳрум экан, солиқ имтиёзлари ва фоизли тўловлардан чегирмалар корхоналарнинг ҳозирги шароитда яшаб қолишларига ёрдам бера оладими?

Корхона ҳеч қандай даромад олмаётган ва етарли ҳажмдаги «хавфсизлик ёстиқчаси»га эга бўлмай турган бир вақтда, бизнесни солиқларни пасайтириш ва фоиз ставкалари бўйича тўловлар билан ушлаб туришнинг имкони йўқ.

Зеро корхона пандемия вақтида ишламаётганига қарамасдан, ойликларни тўлашда давом этишдан ташқари, ўз ижара тўловлари, коммунал тўловлар, қарзлар бўйича фоизлар ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ҳаётан зарур бўлган бошқа харажатларни амалга ошириши лозим.

Мамлакатимизда қарийб барча нарса: банклар, коммунал корхоналар, кўчмас мулкнинг катта қисми давлатга тегишли бўлгани боис бизнесдан ижара ҳақи, кредитлар бўйича фоизлар ва коммунал хизматлар учун тўловларни қабул қилишни вақтинчалик тўхтатиб туриш бугун (келажакда эмас) тезлик билан амалга оширилиши лозим ва буни тўғридан-тўғри ёрдам деб ҳисоблаш мумкин.

Аввал ҳам таъкидланганидек, бу дастур иқтисодиётни рағбатлантириш сифатида кўрилмаслиги керак. Чунки карантин вақтида биз одамлар бу пулларни бир жойга тўпланиш ёки ишга қайтишга мажбур қиладиган ҳар қандай фаолият ёхуд истеъмол учун сарфлашларини унчалик ҳам хоҳламаймиз. Бу жисмоний масофа сақлаш ва ўз-ўзини изоляция қилиш талабларига зид келади.

Шунинг учун ҳам биз иқтисодиётни қандай қилиб рағбатлантириш, қандай қилиб аввалги ЯИМ кўрсаткичларини қайтариш, йўқотилган ресусрларни қайта тиклашга диққат қаратмаслигимиз керак. Бунинг ўрнига одамлар оч қолмасликлари учун уларни том маънода боқиш керак.

Кимнинг ҳисобига?

Давлатнинг иқтисодиётда катта улушга эга бўлиши энди ўзининг айрим салбий оқибатларини намоён этишни бошлайди. Хусусийлаштиришни аввалроқ амалга оширганимизда эди, инвесторларнинг турли тоифаларига эга бўлган капитал бозорлари фаолият юритаётганида эди, у ҳолда харажатлар, қайсидир даражада турли иқтисодий агентлар ўртасида тақсимланган бўларди. Бироқ бу — бошқа мавзу.

Харажатлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш, айрим узоқ муддатли лойиҳалардан маблағларни кўчириш ҳамда соғлиқни сақлаш ва ягона даромад манбаидан маҳрум бўлганларга молиявий ёрдам кўрсатишга устувор аҳамият қаратиш лозим.

Айни вақтда халқаро молия институтлари Ўзбекистонда юқорида келтирилган чораларни амалга ошириш учун қўшимча молиялаштиришнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Ўйлайманки, ушбу маблағларни олишда энг муҳими, бу — пулларни тезроқ ва шаффофлик билан эҳтиёжмандлар қўлига етказишдир.

Ўқувчида мазкур масалада тўпланган захираларнинг (Марказий банкнинг валюта ва олтин захираларидан ташқари) ўрни қандай экани ҳақидаги саволлар туғилган бўлиши мумкин. Муҳим инфратузилма лойиҳаларидан ташқари, иқтисодиётда кутилмаган тебранишлар содир бўлганда фавқулодда молиялаштириш учун муайян миқдордаги маблағлар захираси шакллантирилган бўлиши керак.

Мажозий қилиб айтганда, «тишнинг каваги»га «қора кунлар» учун деб пул ташлаб қўйилган бўлса, ўша «қора кунлар» келди.

Муаллиф фикри таҳририят фикрига мос келмаслиги мумкин.

Ботир Қобилов

Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси. Дьюк университетида (АҚШ) иқтисод бўйича магистр даражасига эга. Илгари у Ўзбекистон Марказий банкида етакчи иқтисодчи бўлиб ишлаган.