Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, халқаро тоифадаги маданият ва санъат менежери Ҳусниддин Ато концерт фаолиятини лицензиялаш амалиёти мумтоз мусиқа ривожланишига тўсқинлик қилаётганлиги, ушбу соҳада фаолият юритадиган хонанда ва созандаларга қийинчилик туғдираётганлиги ҳамда нега мумтоз мусиқа концертлари Ўзбекистонда кўп ташкил этилмаслиги ҳақидаги фикрларини «Газета.uz» билан бўлишди.

Яқинда муҳокама учун эълон қилинган «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Концерт-томоша фаолиятига лицензия бериш тартибини бекор қилган ҳолда, концерт-томоша фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома тақдим этиш тартибига ўтилиши айтилган.

Аслида бу иш аллақачон амалга ошиши лозим эди. Ривожланган ва маданияти мустаҳкам ҳеч бир давлатда бундай амалиёт мавжуд эмас. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби фақат бармоқ билан санарли давлатларда мавжуд бўлиб, бу ижодни, ижодий экринликни ва уни намойиш этишни чеклаш, жиловлаш, бўғиш деганидир.

Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш айниқса номоддий маданий мерос ривожи ва тарғиботи, миллий чолғу ижрочилиги ҳамда профессионал концертлар ташкил этилишида жуда катта тўсиқ бўлиб, маҳоратли, халқаро рақобатга мос хонанда ва созандалар, жамоаларнинг етишиб чиқишига, уларнинг келажагига болта урмоқда.

Ҳар бир давлатнинг ўз мусиқий мероси мавжуд бўлиб, бу йўналишда фаолият олиб борадиган шахслар ва хизмат кўрсатувчиларга давлат томонидан имтиёзлар, имкониятлар берилиши лозим. Ўзбекистонда ушбу йўналишда ижод қилаётган ижодкорларнинг қонун доирасида мустақил фаолият олиб боришлари учун бирор ҳужжатда ҳуқуқ ва эркинликлар келтириб ўтилмаганлиги сабабли ҳам асосан эстрада йўналишидаги концерт фаолияти учун ишлаб чиқилган қоидаларга рўпара бўлишларига тўғри келмоқда. Бу эса, ўз навбатида секин кечаётган анъанавий халқ мусиқаси ва миллий рақслар тарғиботини амалга оширишда ва йўқолиб бораётган меъросларимизни сақлаб қолиш ҳамда келажак авлодга етказишда тўсқинлик қилаяпти.

Бир ўйлаб кўрайлик, Ўзбекистондаги мусиқа сиёсати борасида ҳеч таҳлил ва танқид эшитганмизми? Шоу бизнес вакиллари аҳлоқи ва юриш-турушию кийинишлари ҳақидагиларидан ташқари албатта.

Мисол учун қуйидаги саволларга жавоб излаб кўрайлик:

  • Мумтоз мусиқа йўналишидаги концерт дастурларини қаерда тинглаш мумкин? Шашмақом туркуми ҳамда катта ашула йўналишидаги концерт дастурлариничи?
  • Тошкента бир ойда/йилда неча бор мумтоз/шашмақом/халқ мусиқаси асосидаги концертлар бўлиб ўтади? Эстрада йўналишидачи?
  • Сиз қанча эстрада ва қанча анъанавий йўналишда ижод қилаётган хонанда ва созандани санай оласиз, ва уларни охирги концертлари қачон, қаерда ва нечи кун давом этган?
  • Анъанавий йўлда ижод қилаётган қайси созандаларни биласиз ва улар қандай чолғуларда ижро этишади?
  • Ўзбекистон Консерваториясининг Анъанавий ижрочилик бўлимини битираётган талабаларнинг неча фоизи айнан шў йўналишида ижод қилишяпти?
  • Консерватория Анъанавий ижрочилик бўлимини битираётган талабалар бугунги кунда Шашамақом туркумидаги йирик асарларни қаерларда ижро этишаяпти?

Бу арзимас саволлар холос. Ушбу саволларга бериладиган жавобларга яна қанча қарама-қарши саволлар беришга ҳам тайёрман.

Анъанавий йўлда ижод қилаётган, ҳаттоки номдор Халқ артистларимиз ва ҳофизларимизнинг ҳам бирорта концертларини учратмаслигимизнинг сабаби ҳам айнан шу лицензияда.

Шунингдек ҳар бир созанда ва хонанда профессионал концертлар бериши, ҳеч бўлмаса харажатларини қопланишига ҳақли, ва шу орқалигина улар ўз профессионал санъатини ривожлантира олади. Акс ҳолда фақатгина тўй-ҳашамлар уларнинг асосий даромад манбаи бўлиб қолади ва яккахон концертлар бериш уларни қизиқтирмайди.

Аслида миллий мусиқамиз, мақомларимиз, миллий чолғуларимиз иштирокидаги концерт дастурларини ташкиллаштирилаётган жисмоний ва юридик шахсларни нафақат лицензиялардан озод этиш, балким ҳунармандчиликка берилгани каби имтиёзлар берилиши, Республика бўйлаб концертлар ташкиллаштиришда ҳукумат томонидан қўллаб қувватлаш тизимини жорий этиш лозим. Афсуски концерт фаолияти борасидаги қарор ва ҳужжатларда миллий чолғулар, мақомлар ва халқ мусиқа мероси анъаналари асосидаги концертлар борасида ҳеч қандай сатр келтирилмаган бўлиб, ушбу йўналишдаги фаолият тури бевосита эстрада қўшиқчилиги учун қўйиладиган талаблар билан бир хил ўрнатилган. Ахир бу номоддий маданий меросга, миллий анъаналарга нисбатан адолатсизлик эмасми?!

Мисол учун биз ўтган 2016−2018 йилларда хориж саҳналарида Ўзбекистон мумтоз ва халқ мусиқа мероси, миллий рақсларининг тағиботи ўлароқ 140дан ортиқ концерт, чиқишлар, маҳорат дарслари ташкиллаштиришга муваффақ бўлик. COVID-19 сабабли 2020 йилдаги яна 40га яқин хорижий концертлар бекор қилинди. Лекин афсуски Ўзбекистонимизнинг ўзида бундай концертлар ташкиллаштиришнинг умуман имкони мавжуд эмас.

Сабаби бу ерда концерт фаолияти учун махсус рухсатнома талаб этилиши, муносиб концерт залларнинг мавжуд эмаслиги, мавжуд заллар учун ижара тўловлари, созанда ва хонандаларга тўловлар, аудиториянинг камайиб кетганлиги, чипта нархининг пастлиги ва бошқа харажатлар концертлар ташкиллаштиришга ва бундан даромад қилиш у ёқда турсин, харажатини қоплашга имкон бермайди.

Мумтоз, анъанавий, халқ мусиқа мероси шунчаки мусиқа мероси эмас, у битмас-туганмас тарбия воситасидир. Мусиқий тарбия бирданига ўз мевасини бермайди. Унинг натижасини 20−30−40 йиллар ўтиб сезишимиз мумкин.

Муаммоларнинг энг каттаси шундаки, бой ва турфа хил мусиқа меросига эга бўлишимизга қарамасдан, эстрада йўналишидаги концерт дастурларидан фарқли ўлароқ, миллий, анъанавий, мумтоз куй ва қўшиқларимиз, миллий чолғуларимиз асосидаги жонли ижродаги махсус концерт дастурлари жуда оз ташкиллаштирилади, ташкиллаштирилаётган ҳолда ҳам фақат давлат дастури асосида, давлат тасарруфидаги жамоалар асосида ташкиллаштирилаётганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Ҳаттоки, миллий мусиқа меросимиз дурдонаси бўлган «Шашмақом», ва Катта ашула анъанаси ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан «Бутунжаҳон оғзаки ва номоддий маданий мероси» рўйхатига киритилганига қарамасдан, юртимизда «Шашмақом», мумтоз мусиқа, катта ашула, ёки достончилик кечаларининг гувоҳи бўлиш имкони йўқ (шу йўналишда фаолият олиб бораётган Олий ва ўрта-махсус таълим муассаларида ташкиллаштириб борилаётган кечалар ва дастурлар бундан мустасно). Қолаверса, Ўзбекистонда «Шашмақом» мусиқа мероси билан бир қаторда яшаб келаётган Фарғона-Тошкент мақом йўллари ва Хоразм мақомлари каби дурдона миллий мусиқа меросларимиз ҳам мавжуд.

Шундай экан мумтоз мусиқа меросимиз, номоддий маънавий бойлигимиз ҳисобланадиган мақомларимиз, халқ мусиқа меросимиз, достонларимиз ва миллий чолғуларимиз ижрочилари ҳамда миллий мусиқа асосида концертлар ташкиллаштирувчи жисмоний ва юридик шахслар лицензиялар ва солиқлар борасида алоҳида имкониятлар ва имтиёзларга эга бўлишга тўлақонли ҳақлидир.

Агарда мен ҳозир лицензия фақат миллий мумтоз мусиқа учун бекор қилиниши керак дейдиган бўлсам, эртага кичик мақомларни, халқ қўшиқларини айтиб чиқиб ҳам лицензиясиз ижро этмоқчи бўлганлар чиқади. Ва бундай ҳолат фонограмма борасидаги тажрибада кузатилган. Қолаверса сизлар кайғураётган масалаларни лицензиясиз ҳам изга солса бўлади.

Лицензиялаш тартибини қолдиришни қўллаб-қувватлайдиганлар изоҳларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг катта қисимининг фикрича, гўёки лицензия бекор бўладиган бўлса бутун мамлакат маънавий таназзулга йўл тутадигандек. Балким маънавий таназзул айнан анъанавий ва халқ мусиқа меросига асосланган, умуман, профессионал мусиқачилар концертларнинг мавжуд эмаслиги сабабли юзага келар?! Сизлар ҳам сал кенгроқ ўйланглар.

Лицензиянинг қолишини йўқлаётганларга жавобан айтардимки сизлар хотиржам бўлинглар, айнан олий маълумотли хонанда ва созандалар учун жуда яхши бўлади. Ижод соҳасида шунча йил таълим олиб, нега яна ўз фаолиятини, ижодини давом эттириш учун рухсатнома олиши керак? Ёки Консерватория, Санъат ва Маданият институти, Олий рақс мактабининг берган билими ва сифатига шубҳа қиласизларми? Қолаверса, ушбу соҳада мустаҳкам таълим олган мутахассис ўз қадрини билади, профессионал ва мазмунли дастур танлашга ақли етади.

Саҳнада қандай кийиниш ва ўзини қандай тутиши борасида ҳам ҳеч қандай савол бўлиши мумкин эмас. Саҳна зўрники, агарда олийгоҳни битириб ҳам маҳоратли созанда ё хонанда бўлолмаса (ва бу амалиётда мавжуд) ҳеч қандай лицензия унинг маҳоратига маҳорат қўшиб қўя олмайди. Етарлича маҳоратли бўлмаса, ҳеч бўлмаса менга ўхшаб менежер, тарғиботчи бўлар. Тўғри, бугунги кунда тарғиботчи бўлиб рўзғор тебратолмайди, умид қиламизки яқин йилларда ҳеч бўлмаса лойиҳалари харажатлари қопланадиган шароитга келиб қолармиз. Жуда бўлмаса, олийгоҳларни битирганларнинг қанчадан-қанчаси бошқа соҳаларда фаолият юритишмоқда.

Лицензия бекор қилиниб, ҳар бир хизмат учун тузилган шартнома асосида солиқ тўланадиган бўлса, давлат ғазнасига кўпроқ даромад тушади. Истаган математик ва солиқчи буни ҳисоблаб чиқиши мумкин. Шу билан биргаликда, хонанда ва созандалар ҳам фақатгина қилган хизматлари учун шартнома қилишлари, хизматлари йўқ маҳал лицензия учун тўлаган пуллари куйиб қолишидан ташвишланмасалар ҳам бўлади. Хонандаларнинг тўй-ҳашамлардаги ҳатти-ҳаракатлари, кийинишлари, ва репертуарларини бемалол шартномада келтирган ҳолда буюртмачи белгилаши мумкин. ТВ ва радиоларнинг эса ўзларининг тажрибали бадиий муҳаррирлари етарли. Хуллас, имкониятлар фақат лицензияга боғланиб қолмаган.

Аслида ким қандай таклиф бериши ўз ихтиёрида, лекин сизнинг таклифингиз номоддий маданий мерос тарғиботи, ижрочилари ва концерт томоша фаолиятига, анъанавий ва халқ мусиқа мероси йўналишида ижод қилаётган ҳар бир созанда ва хонандаларнинг мустақил концертлар бериб, даромад қилишларига заррача тўсқинлик қилиши керак эмас.

Олийгоҳларда етишиб чиқаётган ёшларнинг катта қисми турли таълим муассасалари, ўрта махсус билим юртлари ва давлат ташкилотларида фаолият юритишмоқда. Маълумки, барча давлат муассасалари ҳам олийгоҳларни тамомлаётган мутахассисларни иш билан таъминлашга қодир эмас. Шундай экан мустақил бадиий жамоалар, ансамбллар ташкил этилиши, соҳа мутахассислари ўз йўналишларида ижодни давом эттиришлари, Ўзбекистонда ва хорижда яккахон ва жамоавий концерт дастурлари беришларига бўлган эҳтиёж юзага келади.

Лекин, афсуски концерт ташкилотчилиги билан боғлиқ мавжуд талаблар ушбу профессионал мутахассисларнинг мустақил ўз концерт дастурларини ташкиллаштиришга йўл қўймайди, ва бу олий маълумотли хонанда ва созандаларнинг (хонанда, найчи, танбурчи, сарипкачи, саксофончи, гитарачи, доирачи, раққоса…) бирортасини яккахон концертини на пойтахтда ва на вилоятлар марказий шаҳарларида учратишимиз мумкин.

Лицензиянинг бекор қилиниб, хабардор қилиш тарзига ўтказилиши миллий чолғуларимиз маҳоратли ижрочиларининг индивидуал бўлиб шаклланишларига, ўз устларида жиддий шуғулланишларига, мумтоз йўналишда ижод қилаётган созанда ва гуруҳларнинг концертларини кўпроқ ташкиллаштирилишига, чекка вилоятларимиз мусиқий анъаналарини ва мусиқачиларини ҳам ривожланишларига йўл очади.

Биз ўзимизнинг мавжуд халқаро тажрибамиздан фойдаланган ҳолда, аста-секинлик билан маҳаллий аҳолимизга, хорижлик меҳмонлар ва мутахассисларга анъанавий ва халқ мусиқа меросимиз намуналарини сифатли ва замонавий услубда етказиш борасида имконимиз етгунча ҳаракат қиляпмиз. «Мумтоз Мусиқа Оқшоми», «Шашамақом Фестивали», «Достон кечаси» лойиҳалари шулар жумласидандир. Минг афсуски, амалга ошираётган концертларимиз, мусиқа ва достон кечаларимиздан даромад у ёқду турсин, ҳатто бирортасининг харажатини ҳам қоплай олмаганмиз. Унда иштирок этган созанда ва хонандалар ҳам ўз соҳаси фидоийси бўлгани учун ҳам лаббай деб иштирок этиб келишяпти.

Агарда концерт фаолияти билан фақат пули, ҳомийси бор тадбиркорларгина, ёки асосан моддий даромад олиш мақсадида шуғулланилар экан, асл анъаналар ҳеч қачон ривожланмайди ва эстрада санъати тарозининг иккинчи палласини босиб тураверади.

Анъанавий ва халқ мусиқаси мероси шинавандалари ҳамма вақт ҳам эстрада санъати мухлисларига қараганда жуда озчиликни ташкил қилган. Ҳатто буни таққослашга ҳам одам уялади.

Балким биз умуман мақомларимиз, анъанавий мусиқа меросимиз, халқ ижодиёти намуналари, миллий чолғуларимизни сақлаб қолиш ва ривожлантириб келажак авлодга етказиш ҳақида умуман бош қотиришимиз, ва бунга вақт сарфлашимиз шарт эмасдир?! Агарки шундай экан, ушбу номоддий маданий меросларимизни ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар рўйхатига киришидан нима фойда? Ва ушбу анъаналаримиз «мавжудлиги» ҳақида ғурурланишдан ҳам нима наф?!

Ушбу фикрларни 5 йил мусиқа мактаби, 4 йил санъат билим юрти, Консерватория Бакалавр ва Магистратура босқичларини тамомлаган, ва 2002 йилдан буён анъанавий ва халқ мусиқа меросини ҳам Ўзбекистонда ҳам хорижда тарғиб қилиб келаётган саноқли мутахассислардан бири сифатида билдирмоқдаман.

Ушбу соҳа бўйича ҳар қандай баҳс ва музокараларга, ҳамкорликка тайёрлигимни билдираман.

Муаллиф фикрлари таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.