26 июль куни Telegram мессенжерининг мобиль иловалари 6.3 версиясига янгиланди. Android ва iOS фойдаланувчилари учун бир қатор ўзгаришлар тақдим этилган: видеоаватарлар, икки гигабайтгача файллар алмашуви, янги чатларни автоматик тарзда архивлаш, фото ва видеолар таҳрирлаш менюсида юзни яхшилаш, янги мусиқа плеери ва, энг кўп кутилган янгилик ҳисобланган, видеокўнғироқлар.

Видеоқўнғироқлардан фойдаланиш

Аввал Газета.uz муҳаррирлари видеоқўнғироқларни бета-версияда синовдан ўтказган эди. Айни пайтда уни фақатгина iOS фойдаланувчилари синов тариқасида ишлатишлари мумкин. Ундан фойдаланиш учун қўйидаги амалларни бажариш керак:

  • Telegram мессенжерининг сўнгги 6.3 версиясини iOS учун App Store иловалар платформасидан юклаб олинг.
  • Созламалар белгисига (Настройки, Settings) 10 маротаба босинг. Сўнгра илова debug-менюси пайдо бўлади.
  • Пайдо бўлган ойнада экспериментал функциялар пунктини фаоллаштиринг (Экспериментальные функции, Experimental feature).

Видеоқўнғироқ орқали боғланмоқчи бўлган фойдаланувчида ҳам ушбу амаллар бажарилган бўлиши керак.

Видеоқўнғироқларни ёқиш намунаси. Видео: Beta Info Telegram-канали

Видеоаватарлар

Telegram Android/iOS 6.3 ва Telegram Desktop 2.2.0 версиялари эндиликда видеоаватарлани қўллаб-қувватлайди. Энди профиль расми нафақат статик сурат, балки видеоролик ҳам бўлиши мумкин. Видео максимал давомийлиги — 10 сония. Шунингдек, видеога турли хил эффектлар ўрнатиш ва статик аватар сифатида ишлатиладиган кадрни танлаш мумкин.

Видеоаватарлар ишлаши намунаси. Видео: Beta Info

Файл алмашув

Аввал мессенжерда фақат 1.5 гигабайтгача бўлган файлларни юбориш мумкин эди. Эндиликда бу чеклов икки гигабайтгача оширилди.

Янги чатларни автоматик тарзда архивлаш

«Махфийлик ва хавфсизлик» бўлимида яна бир функция пайдо бўлди. У сизнинг контактлар рўйхатингизда бўлмаган фойдаланувчилардан келган хабарларни автоматик тарзда чатлар архивига жойлаштиради. Ва улардан келган хабарлар овозсиз бўлади. Фойдаланувчи уларни архивдан чиқармагунча, чатлар у ерда қолади.

Созламани фаоллаштириш учун «Настройки» (Созламалар) — «Конфиденциальность» (Махфийлик) — «Archive and Mute» (Архивлаш ва товушни ўчириш) пунктини фаоллаштиринг.

Фото: Beta Info

Фото ва видеоларда юзни яхшилаш

Одам юзи мавжуд бўлган фото ва видеоларни таҳрирлаш вақтида юз терини яхшилаш функцияси пайдо бўлди.


Фото: Telegram Blog

Янги мусиқа плеери

Telegram Andoid 6.3 версиясида мусиқа плеерининг дизайни янгиланди.


Фото: Telegram Info

Бундан ташқари медифайллар чатлар рўйхатида кичик миниатюра шаклида кўринади. Мессенжернинг Android версиясида видео таҳрирлаш менюсида видеоларни қисқартириш ва буриш мумкин, масалан: вертикал видеони горизонтал ҳолатга келтириш.