Иш кунлари мобайнида Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлади, фақат душанба ва сешанба кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Бу кунларда ҳаво ҳарорати кундузи 35−40 даража, кечаси 20−25 даража бўлади. Республиканинг айрим ҳудудларида, шу жумладан, жанубий ва чўл зоналарида ҳарорат 42 даражага етади. Бу меъёрий қийматлардан 4−6 даражага юқоридир.

Ҳарорат фонининг юқори бўлишига қарамасдан, бу республика ҳудудлари учун аномал ҳарорат эмас. Масалан, 2018−2019 йилларда худди шу даврда кундузги ҳарорат 40−43 даражагача етган. Республиканинг шимоли ва чўл зонасида ҳарорат қийматлари 44−46 даража бўлгани қайд этилган. Шу давр учун энг юқори ҳарорат Навоий вилоятидаги Бузаубой метеостанциясида 2019 йил 20 июлда қайд этилган ва ҳаво ҳарорати 47,7 даражани ташкил этган.