Россия пойтахти мэри Сергей Собянин Москва шаҳрининг 60 фоиз аҳолисида коронавирус инфекциясига қарши жамоавий иммунитет шаклланганини айтиб ўтди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

«Москвада ҳам, Нью-Йоркда ҳам аҳолининг қарийб 60 фоизида коронавирусга қарши жамоавий иммунитет шаклланди», — деди пойтахт мэри.

Шунингдек, Собянин Москва ва Нью-Йоркни коронавирус пандемиясига қарши кураш нуқтаи назаридан таққослашни мақсадга мувофиқ деб билишини таъкидлади. Унинг фикрича, шаҳарлар орасидаги асосий фарқ шундаки, Нью-Йоркда «жараён (коронавирус инфекциясининг тарқалиши — таҳр.) бир ой давом этди ва соғлиқни сақлаш тизими бу юкга бардош бера олмади», аммо Москвада ушбу «жараён уч ойга чўздирилди».

Маълумот учун, жамоавий иммунитет — бу эпидемиологик тушунча бўлиб, у вақт ўтиши билан аҳолининг айрим қисмида маълум бир инфекцияга қарши иммунитет шаккланиб, касалликнинг тарқалиши секинлашишига ёки умуман тўхташига олиб келувчи омилдир.

Жамоавий иммунитет шаклланиши учун талаб қилинадиган аҳоли қисми фоизи касаллик тарқалишига боғлиқ бўлади. Кўпгина олимлар коронавирусга қарши иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 60 фоизи касал бўлиши керак деган фикр юритишмоқда.

COVI-19 пандемияси бошланганидан Россия пойтахтида 232,3 минг коронавирус ҳолати аниқланган бўлиб, шундан қарийб 170 минг нафари касалликдан тузалган ва 4271 нафари ҳаётдан кўз юмган. Москва шаҳрининг аҳоли сони эса 12,6 миллиондан ортиқ.