Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ижро ҳокимияти вакиллари суд ҳокимияти вакилларини халқ орасида обрўсизлантириб, дўппослаган. Бу ҳақда ЎзА Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекциясига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, 10 июль куни соат 8.30 ларда Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон тумани судининг раиси Я.Беккамов ҳамда ҳайдовчи Р.Раҳимназаров, шунингдек, Жарқўрғон тумани маъмурий судининг раиси Х.Раҳимова ҳамда ҳайдовчиси хизмат автомобилларида туман суди биноси томон ҳаракатланиб келаётганида туман марказига кираверишда блок постда тўхтатилган ва постдан ўтказилмаган.

Шу вақтда постда бўлган туман ҳокими З.Давлатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарорига зид равишда, туман суди хизмат автомашиналарини постдан ўтказмаган. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзоларидан бири хизмат автомашинасининг орқа ўнг эшигини очиб қўлидаги уяли алоқа телефони билан тасвирга туширган, постдан ўтиш учун навбат кутиб турган тирбанд фуқаролар олдида судья ва суд ходимларини обрўсизлантиришга уринган.

Ҳадовчи Р.Раҳимназаровни ЙПХ ходими Р.Раимов билагидан тортган, ИИБ бошлиғи Б.Хидиров ва ўринбосари Ш. Азизбердиев эса автомашина калитини олиб қўйган. Уни автомашинада ўтирган жойидан куч ишлатиб тортиб, туман ИИБ биносига олиб боришган. ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Азизбердиев суд ходимини ҳақоратлаган, бўйнидан бўғиб, шахсий телефон аппаратини тортиб олган ва вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қамаб қўйган.

10 июлдаги суд-тиббий текшируви далолатномасига кўра, Р.Раҳимназаровнинг баданида қонталашлар ва шилинмалар мавжудлиги, ўтмас қаттиқ жисмлар билан бир-неча мартаба зарбалар берилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, воқеа жойида бевосита ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган Жарқўрғон тумани ҳокими З.Давлатов, туман ИИБ бошлиғи Б.Хидиров, ўринбосари Ш. Азизбердиев ва бошқа алоқадор ходимларга нисбатан суд ходимига қасддан енгил тан жароҳати етказиш, судья ва суд ходимларини обрўсизлантириш, судьянинг хизмат автомашинаси дахлсизлигини бузиш ва бошқа ҳолатларга қонуний баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Сурхондарё вилояти прокуратурасига юборилган.

Қайд этилишича, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлдаги қарорида ҳаракатланиш учун махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган хизмат автотранспорт воситалари рўйхати маълум қилинди. Бу рўйхатга суд тизими ҳам киритилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда. Текшириш жараёни Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.